Дарё таланмоқда, аҳоли қийналмоқда: масъуллар қачон уйғонади?
Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани асосан тоғли ҳудудлардан иборат. Бу ердаги серсув дарёлар нафақат табиатнинг бебаҳо неъмати, балки қурилиш соҳаси учун муҳим хомашё – қум-шағал манбаи ҳам ҳисобланади. Бугун юртимизда қурилишлар кўлами кенгайиб, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тобора замонавий тус олмоқда. Табиийки, бу жараён қум-шағал маҳсулотларига бўлган талабни ҳам кескин оширмоқда.
Аммо ҳар қандай тараққиёт ҳам меъёр ва масъулият билан уйғун бўлмаса, у фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин.
Китоб тумани “Бешариқ” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Янгиариқ ва Сағаноқ қишлоқлари аҳолиси сўнгги йилларда ана шундай ҳолатдан жиддий ташвишда. Сабаб қишлоқларни кесиб ўтувчи Оқдарё ўзанидан қум-шағалнинг назоратсиз ва ҳаддан зиёд миқдорда олинаётганидир.
Муаммони ўрганиш мақсадида ҳудудда бўлдик.
Оқдарё Ҳисор тоғларидан бошланиб, Шаҳрисабз ва Китоб туманларидаги ўнлаб қишлоқларни сув билан таъминлайдиган муҳим манба ҳисобланади. Бироқ Янгиариқ ва Сағаноқ оралиғида ёз ойларига келиб дарё оқими кескин пасаяди, кузгача эса деярли қуриб қолади. Айнан шу давр карьер фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун “қулай мавсум”га айланади.
Қуриб қолган ўзандан қум-шағал оммавий тарзда олиб чиқилади.
Натижа эса аён: айрим жойларда дарё ўзани 30 метргача чуқурлашиб кетган. Бу эса баҳорги сув кўпайиш даврида аҳоли учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
– Дарё ўзани уч қават пастга тушиб кетди, – дейди Сағаноқ қишлоғи фуқароси Қаҳрамон Нодиров. – Машина ўтадиган кўпригимизни шу йилнинг ўзида уч марта таъмирладик. Яқинда яна сув олиб кетди. Энди машинада ўтишнинг иложи йўқ. Худо кўрсатмасин жаноза бўлса, қабристонга олиб ўтишга қийналамиз. Пиёдалар кўприги ҳам хавфли аҳволга келиб қолган. Шикоят қилмаган жойимиз қолмади, аммо натижа йўқ.
Дарёнинг икки қирғоғида яшовчи аҳоли бир-бири билан узвий боғлиқ. Бир томонда Сағаноқда 30 дан ортиқ хўжалик, иккинчи томонда 260 хўжаликдан зиёд Янгиариқ аҳолиси. Маросимлар, кундалик ҳаёт, барчаси ўзаро боғлиқ. Аммо бугун улар учун энг оддий ҳаракат, дарёдан ўтиш ҳам катта муаммога айланган.
– Ҳар куни йўловчилар билан дарёдан ўтаман, – дейди ҳайдовчи Дилшод Нодиров. – Бир ярим йилда ўзан 7-8 метрга пасайди. Илгари кунига уч-тўртта машина қум оларди. Ҳозир эса 30 дан ортиқ оғир юк машинаси ташийди. Асосан кечаси ишлашади. Йўллар вайрон, ҳар икки ойда кўприк таъмири учун пул йиғамиз. Мурожаатлар эса самара бермаяпти.
Жойига бориб кўздан кечирганимизда пиёдалар кўприги ҳам аянчли ҳолатга келгани маълум бўлди: сув сатҳи пасайиши натижасида бетон устунлар очилиб, иншоот хавфли аҳволга тушган.
Энг ачинарлиси бу ҳолат тадбиркор фаолиятига деярли таъсир қилмаяпти.
Суҳбат давомида у фаолияти қонуний эканини, 43 йиллик шартнома асосида 300 минг куб метр қум-шағал олиш ҳуқуқига эга эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу ҳажмни хоҳласа бир йилда, хоҳласа 43 йилда олиши мумкин.
Бу эса бир саволни кун тартибига олиб чиқади: табиат, инфратузилма ва аҳоли манфаатлари қай даражада инобатга олинмоқда?
Ахир тадбиркорлик эркинлиги бу чекловсиз фаолият дегани эмас. У жамият манфаати, экологик мувозанат ва инсон хавфсизлиги билан уйғун бўлиши шарт.
Афсуски, масъул ташкилотлар бу муаммога нисбатан етарлича қатъий позиция билдирмаяпти. Туман экология бўлими вакиллари аниқ изоҳ беришдан тийилди. Ҳокимлик масъуллари эса муаммони фақат йўл белгилари ўрнатиш орқали “ҳал қилиш”га уринаётгандек.
Бироқ бу муаммонинг ечими эмас, балки уни вақтинча ниқоблаш, холос.
[gallery-28550]
Хулоса шуки, Янгиариқ ва Сағаноқ аҳолисининг дард-ташвишларини эшитадиган, муаммони тизимли ҳал этадиган масъуллар ҳозирча топилмаяпти. Агар бу ҳолатга зудлик билан аралашилмаса, бир неча йил ичида Оқдарё ўзани билан боғлиқ муаммолар қайтариб бўлмас даражага етиши мумкин.
Мавзу эътиборимизда қолади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZZaYVb-P0sM" title="Daryo talanmoqda, aholi qiynalmoqda: mas’ullar qachon uyg`onadi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА