Дарахт ичидаги “хона”: Француз сайёҳини ҳайратга солган Хўжакент чинори
Европалик сайёҳ Габриэль Бонвало 1880-йиллардаги сафари давомида Тошкент яқинидаги Хўжакент қишлоғида танасининг кенглиги қарийб тўққиз метр, айланаси эса қирқ саккиз қадамни ташкил этган кўп асрлик чинорни кузатган.
Табиат билан инсон уйғунлиги ҳамда қадимий аҳоли масканларининг тоғ этакларида барпо этилиши Марказий Осиё этнографиясининг қизиқарли саҳифаларидан биридир. Француз тадқиқотчиси Габриэль Бонвало XIX асрнинг иккинчи ярмида Тошкент воҳаси ва унга туташ тоғли ҳудудларни ўрганар экан, Чотқол тизмаси этагидаги Хўжакент қишлоғи табиатига катта эътибор қаратади.
Тоғ этакларидан оқиб чиқувчи тиниқ булоқлар бўйида қад ростлаган кўҳна чинорлар хорижлик сайёҳнинг диққатини тортади. Бонвало ўз хотираларида ушбу улкан дарахтлар орасидаги энг йириги асрлар синовига дош берганини, унинг танаси кенглиги тўққиз метрни ташкил этганини қайд этади. Тананинг пастки қисмини айланиб чиқиш учун киши тўлиқ қирқ саккиз қадам босиши лозим бўлган.
Мазкур ноёб дарахт фақат улкан ҳажми билангина эмас, балки аҳолининг ижтимоий турмушида тутган ўрни билан ҳам ажралиб турган. Габриэль Бонвало чинор танасининг ички қисми вақт ўтиши билан табиий тарзда кенгайиб, худди шинам хона ёки мажлисгоҳ ҳолига келганини ёзиб қолдирган. Тоғликлар ва воҳа аҳли байрам кунлари чинорнинг ичига тўпланиб, дастурхон ёзишган ҳамда жамоат учун муҳим масалаларни муҳокама қилишган.
Сайёҳ бу манзарани қадимий бир кўркам қалъа харобасига қиёслар экан, дарахтнинг ер остига чуқур кириб борган йўғон илдизлари бақувват устунлар сингари танани маҳкам тутиб турганини таъкидлайди.
Чорвоқ ва Чотқол этакларидаги ушбу гўша қадимдан ўзига хос соғломлаштириш маскани сифатида ҳам қадрланган. Тоғ булоқлари, салқин ҳаво ва қалин дарахтлар сояси ёзнинг жазирама кунларида одамларнинг ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратган. Бонвало мазкур ҳудуднинг юмшоқ иқлими хасталикларга малҳам бўлганини, шу сабабли унинг яқинидаги Чимён мавзеида шифо масканлари ташкил этилганини эсга олади. Тошкент аҳли ёз палласида мунтазам равишда Хўжакент булоқлари бўйига келиб, тоғ табиати неъматларидан баҳраманд бўлишни анъанага айлантирган эди. Бу ҳолат воҳада табиий иқлим ва шифобахш булоқлардан оқилона фойдаланиш тажрибаси юқори бўлганини кўрсатади.
Тоғ этакларидаги деҳқончилик маданияти ҳам француз олимининг кузатувларида муҳим ўрин эгаллайди. Хўжакентдан Пском дарёси бўйлаб юқорилаган сайёҳ Қумсон, Сижжак ва Боғистон қишлоқларида узумзорлар, полиз экинлари ҳамда ғалла пайкаллари тоғ ёнбағирларида ниҳоятда пухта жойлаштирилганига гувоҳ бўлади. Тоғликлар нишаб ерларда сувни исроф қилмасдан, тошлардан тозаланган тупроқда мураккаб суғориш тармоқларини йўлга қўйган эди. Бундай меҳнат туфайли тоғ этаклари қалин боғ-роғларга айлантирилган.
Габриэль Бонвало кундаликларида қайд этилган ушбу далиллар ўзбек заминида табиатни асраш, атроф-муҳит неъматларини авайлаб ишлатиш маданияти чуқур илдиз отганини кўрсатади. Кўп асрлик дарахтни кесмасдан, унинг табиий бўшлиғини жамоат йиғинлари ўтадиган файзли гўшага айлантириш тажрибаси аждодларимизнинг табиат билан муносабатдаги юксак маданиятидан далолат беради.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади,
ЎзА