Нурбой Жабборовнинг Навоий ижодига бағишланган монографияси озарбайжон тилида нашр этилди
Буюк шоир ва мутафаккир бобокалонимиз Алишер Навоийнинг адабий мероси ҳикматларга бойлиги, инсонпарварлиги, ҳаётнинг барча жабҳаларини ўзида қамраб олгани билан қадрли. Шу сабабли даҳо аждодимизнинг асарлари дунё олимлари томонидан катта эътибор билан ўрганилмоқда.
Таниқли адабиётшунос олим, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқув ишлари бўйича проректори, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовнинг буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳаёти ҳамда ижодий меросига бағишланган «Маоний аҳлининг соҳибқирони» монографияси озарбайжон тилида чоп этилди.

Китоб Боку шаҳридаги «Илм ва таҳсил» нашриётида «Амир Алишер Навоийнинг ирфоний дунёси» номи билан нашрдан чиқди. Асарни Озарбайжон Миллий фанлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти Озарбайжон–Ўзбекистон–Туркманистон адабий алоқалари бўлими мудири, филология фанлари доктори, профессор, «Дўстлик» ордени соҳиби Алмаз Улвий Биннатова ҳамда Эроннинг Табриз университети профессори, филология фанлари доктори Ҳусайн Хушботин озарбайжон тилига таржима қилган. Таржимонлар китобга сўзбоши ҳам ёзиб, уни озарбайжон китобхонларига тақдим этган.

Асарда Алишер Навоийнинг нафақат буюк шоир ва мутафаккир, балки давлат ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти, юксак инсоний фазилатлари ҳамда бунёдкорлик ишлари янги илмий талқинлар асосида ёритилган. Шунингдек, муаллиф Навоийнинг бой ирфоний мероси, адабий-эстетик қарашлари ва бадиий тафаккурига оид муҳим илмий хулосаларни илгари суради.
Монографияда буюк бешлик — «Хамса» достонларидаги бадиий концепция, она образининг поэтик талқини каби масалалар ҳам атрофлича таҳлил қилинган. Алишер Навоий ижодининг миллий адабий-эстетик тафаккур тараққиётига кўрсатган таъсирига алоҳида эътибор қаратилган.
Шу билан бирга, буюк шоирнинг ижодий анъаналари кейинги авлод ўзбек шоирлари, жумладан, Зокиржон Фурқат, Абдулла Орипов ва Сирожиддин Саййид шеъриятида муносиб давом эттирилгани қиёсий-таҳлилий ёндашув асосида очиб берилган.
Мазкур монографиянинг озарбайжон тилида нашр этилиши ўзбек адабиётининг бой илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, Алишер Навоий ижодини дунё миқёсида кенгроқ танитиш, икки қардош юрт ўртасидаги адабий-илмий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам.
Н.Усмонова,
ЎзА