Дала четларига экин экмай, ерни исроф қиладиганларни қандай жазолар кутмоқда?
Мамлакатимиз аҳолиси сони бугунги кунга келиб 38 миллион нафардан ошди. Бунда йиллик ўртача ўсиш кўрсаткичи 2 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 43 миллион кишини ташкил қилиши прогноз қилинаётир.
Бу эса, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби 1,2 баравар ошишини кўрсатади. Хўш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжини қандай қоплаш керак?
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, соҳага замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Фермер хўжаликларига имтиёзли кредитлар, субсидиялар ҳамда солиқ тўловларида қатор енгилликлар берилди. Суғориш тизимларини модернизация қилиш, томчилатиб суғориш ва бошқа илғор усулларни қўллаш орқали сув ресурсларидан самарали фойдаланишга эришилмоқда.
Ҳосилдорликни ошириш мақсадида юқори сифатли уруғлик ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш тизими такомиллаштирилди. Маҳсулотларни қайта ишлаш, қадоқлаш бўйича замонавий технологиялар жалб этилиб, уларнинг халқаро стандартларга жавоб беришига эътибор қаратилди.
Президентимиз ташаббуси билан шу пайтгача пахта ва ғаллага мўлжалланган 364 минг гектар ер озиқ-овқат етиштириш учун ажратилгани озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорт кўрсаткичи ортиб боришига ижобий таъсир кўрсатди.
Ўтган йилда 33,6 минг гектар мевали боғ ва 101 минг гектар узумзор барпо этилди. Ҳосилдорлиги ва иқтисодий самарадорлиги паст бўлган 26,2 минг гектар боғлар ва 23 минг гектар токзорлар реконструкция қилинди.
Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кўрсаткичлари ортиб, маҳсулотлар экспорти ҳажми 2 миллиард доллардан ошди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт географияси 10 давлатга кенгайиб, 83 тага етди.
Аммо, глобал даражада иқлимнинг кескин ўзгариши, сув танқислиги ва бошқа табиий офатлар натижасида кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йўқотилиши ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер майдонларининг қарийб 45 фоизидан ортиғи турли даражада, шундан 14 фоизи ўрта ва кучли шўрлангани ҳам ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
– 2026 йил 13 апрелдаги “Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун нима мақсадда қабул қилинди?
– Бугунги кунда дала четларига экин экмаганлик ва йил давомида маҳсулот етиштирмаганлик ҳолатлари кўплаб аниқланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари камайиши ҳамда бозорларда таннархга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Шу сабабли, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четлари ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини самарали ташкил қилиш мақсадга мувофиқ, деб топилди.
Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” қарорида айнан шу талаб қўйилди.
– Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирмаганлик ёки ўша ерлар исроф бўлишига сабабчи бўлган шахсларни қандай жазолар кутмоқда?
– Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Солиқ кодексларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан иккиламчи ижарага олган ижарачилар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги қонунчиликка мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш белгиланган майдонларида ва муддатларда мақбул экин экилмагани учун маъмурий жарима қўллаш ваколатини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жазо шундан иборатки, бу – базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жаримани ташкил этади.
Солиқ кодексига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги қонунчиликка мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш белгиланган майдонларида ҳар йили 1 майга қадар мақбул экин экилмаган тақдирда мазкур ер участкасининг экин экилмаган қисми учун ер солиғи ставкаси уч баравар миқдорда ҳисобланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Албатта, бугунги кунда дала четидан самарали фойдаланаётган фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ҳам бор. Улар интенсив усулда боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларни ҳам олиб бормоқда.
Қонун билан айнан шу каби илғор тажрибалар кенг оммалаштирилади.
Қолаверса, қонун, биринчидан, аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни самарали ташкил этиш ҳамда кўпайтиришга хизмат қилади.
Иккинчидан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер участкаларининг дала четлари ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини кўпайтириш орқали мамлакатнинг экспорт салоҳияти ошади.
Учинчидан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерлардан унумли ва тўлақонли фойдаланишга замин яратилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун эълон қилинганидан кейин орадан уч ой ўтгач, яъни 2025 йил 14 июлда кучга киради.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.