Чустда замонавий қўл жанги спорт зали фойдаланишга топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чуст туманининг Боғормос маҳалласида жойлашган туман спорт мактабининг Каркидон филиалида замонавий талаблар асосида барпо этилган қўл жанги спорт зали тантанали равишда очилди.
Мазкур спорт иншооти нафақат Чуст тумани, балки Наманган вилоятида қўл жанги спорт турини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим масканлардан бири ҳисобланади.
Янги спорт залида ўлчами 15х30 метр бўлган универсал спорт майдони, спортчилар учун қулай кийиниш хоналари ҳамда ёрдамчи хоналар барпо этилган. Шунингдек, машғулотларни юқори савияда ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Лойиҳа “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида амалга оширилиб, бунинг учун 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Спорт вазирлиги томонидан эса спорт зали замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан тўлиқ жиҳозланди.
[gallery-30572]
Айни пайтда ушбу спорт залида 100 нафардан ортиқ ёш спортчи мунтазам шуғулланиб, қўл жанги бўйича маҳоратини оширмоқда. Янги иншоот келгусида иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, юқори малакали чемпионларни тайёрлаш ҳамда халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни тарбиялашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони генерал-полковник Баҳодир Тошматов, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов, спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов, Халқаро қўл жанги федерацияси президенти Сергей Астахов ҳамда соҳа мутасаддилари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш, жисмонан бақувват ва ватанпарвар авлодни тарбиялашга қаратилган бундай лойиҳаларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА