Ҳар бир мурожаат эътиборда
Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Убайд маҳалласида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни жойида аниқлаш ва уларни манзилли ҳал этиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозир бу маҳаллада 750 та оила, 530 та хонадон мавжуд бўлиб, 87 нафар ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган. Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими жорий этилган.
– Йил бошидан буён фуқаролардан 167 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 92 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилди, – дейди Убайд маҳалласи ижтимоий ходими Зиёда Дуйшабаева. – Бу маҳаллада мурожаатлар билан ишлаш тизими самарали йўлга қўйилганини кўрсатади. Амалга оширилган хайрли ишларимиздан бири фуқаро Бекзод Сулаймонов оиласи ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар билан боғлиқ. У 14 йил давомида уй-жойсиз ҳолда, маҳалладан 32 километр узоқликдаги қир-адир ҳудудда яшаган. У фермер хўжалигида чорва боқиб кун кечирган. Оиласи эса давлат таъминотидаги оилалар реестрига киритилиб, зарур ижтимоий хизматлар билан қамраб олинди.

Бу фуқаронинг болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди Умиджон Ортиқбоев тиббий-педагогик комиссияга йўналтирилиб, Оҳангарон шаҳридаги 7-сон махсус мактабга жойлаштирилди. Ҳудуд фаоллари ва ҳомийлар кўмагида оила учун 5 хонали уй қуриб берилди. Бугун оила янги хонадонга кўчиб ўтиш арафасида. Шунингдек, Бекзод Сулаймонов ўзи фаолият юритаётган фермер хўжалигига доимий ишга қабул қилинди. Маҳалла ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходим кўмагида Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида унга 30 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан 10 бош қўй харид қилиниб, оиланинг даромад манбаи яратилди.

Маҳаллада ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, оғир хасталикка чалинган фуқаро Зайниддин Мансуров ногиронлик гуруҳи белгиланиши жараёнида сайрга мўлжалланган аравача ва қўлтиқтаёқ билан таъминланди. Давлат таъминотидаги оилалар реестрида турувчи Сарвиноз Абдусаматованинг I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзанди Шоҳруҳ Абдусаматов “Фаол ҳаётга қадам” дастури орқали уй шароитида парваришлаш хизматига қамраб олинди.
Умуман олганда, Убайд маҳалласида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани эътибордан четда қолмаяпти. Маҳаллада инсон қадри ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА