“CAITME 2026”: Жаҳон тўқимачилик саноати вакиллари Тошкентда учрашади
Жорий йилнинг 8-10 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари - CAITME 2026” 17-Марказий Осиё халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан бугун “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда CAITME лойиҳа директори Гуллола Нодирхонова, компания менежери Нодира Ҳайитбоева ва бошқалар сўзга чиқиб, кўргазманинг аҳамияти, иштирокчилар таркиби ҳамда бу йилги янгиликлар ҳақида маълумот берди.
CAITME тўқимачилик ускуналари ва технологияларига бағишланган ихтисослаштирилган халқаро кўргазма бўлиб, Марказий Осиё тўқимачилик ва тикувчилик саноати учун муҳим профессионал майдон саналади. 2004 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур кўргазма мустақил аудит натижаларига кўра, МДҲда ўз йўналишидаги энг йирик тадбирлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, у “UFI Approved Event” халқаро мақомига эга.

Гуллола Нодирхонованинг таъкидлашича, CAITME йиллар давомида нафақат замонавий ускуналар намойиш этиладиган, балки соҳа мутахассислари ўртасида тажриба ва фикр алмашиш, янги технологиялар билан танишиш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконини берувчи йирик профессионал платформага айланган.
– CAITME’да маҳаллий корхоналар жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, ўз ишлаб чиқариши учун зарур замонавий технологиялар билан танишиш имкониятига эга бўлади. Кўргазманинг асосий йўналишларидан бири тўқимачилик ва тикувчилик саноатига инновацион технологияларни жорий этиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва корхоналар самарадорлигини оширишга кўмаклашишдир. Бу ерда ип-калава ишлаб чиқаришдан тортиб, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган бутун технологик жараённи қамраб олувчи замонавий машина ва ускуналар намойиш этилади, – деди Гуллола Нодирхонова.

Бу йилги кўргазмада тўқимачилик машинасозлиги ва технологиялари соҳасида фаолият юритувчи турли мамлакатлар компаниялари иштирок этади. Германия ўзининг Миллий павильони билан қатнашади. Шунингдек, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Туркия, АҚШ, Швейцария ва бошқа давлатларнинг етакчи компаниялари ўз маҳсулот ва технологияларини тақдим этади.
Иштирокчилар географиясининг кенгайиб бораётгани CAITME’нинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тўқимачилик саноати учун муҳим бизнес ва технологиялар маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Бугун халқаро кўргазмалар учун иштирокчилар географияси ва уларнинг сифат таркиби жуда муҳим. CAITME ҳам йилдан-йилга ўз халқаро кўламини кенгайтириб бормоқда. Бу йил Германиянинг Миллий павильон билан иштирок этиши, шунингдек, Европа ва Осиёнинг етакчи компаниялари ўз технологияларини тақдим этиши кўргазманинг халқаро даражасини яна бир бор намоён этади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, кўргазмада тўқимачилик саноати учун машина ва ускуналар ишлаб чиқариш соҳасидаги жаҳоннинг таниқли компаниялари иштирок этаётгани, – деди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоева.

CAITME’нинг муҳим жиҳатларидан яна бири кўплаб ишлаб чиқарувчилар машина ва ускуналарни шунчаки стендда намойиш этиш билан чекланмай, уларни бевосита иш жараёнида кўрсатиши. Бу мутахассисларга технологияларни амалда кўриш, ускуналарнинг имкониятларини баҳолаш ва муайян ишлаб чиқариш учун мос ечимларни танлаш имконини беради.
Матбуот анжумани якунида журналистлар томонидан берилган саволларга ташкилотчилар ва соҳа вакиллари атрофлича жавоб берди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА