Бюджет даромади — ҳудуд тараққиёти манбаи
Ҳудуд тараққиёти, аввало, унинг молиявий имкониятларига боғлиқ. Бюджетга тушаётган ҳар бир сўм ортида янги йўл, обод маҳалла, яхшиланган инфратузилма ва аҳоли учун қулай шароитлар мужассам. Шу боис маҳаллий бюджет даромадларини ошириш нафақат молиявий кўрсаткич, балки ҳудуд ривожининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Гулистон туманида 2026 йилнинг I чорагида бу борада муайян натижалар қайд этилди. Маҳаллий бюджет даромадлари бўйича белгиланган 7 миллиард 234 миллион сўмлик прогноз 13 миллиард 827 миллион сўмга бажарилиб, кўрсаткич 186 фоизни ташкил этди.
Бу ҳақда туман солиқ инспекцияси томонидан ОАВ вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тушумларнинг шаклланишида бир қатор солиқ турлари муҳим ўрин тутди. I чоракда ер солиғидан 3 миллиард 663 миллион, мол-мулк солиғидан 1 миллиард 370 миллион, айланмадан олинадиган солиқдан 1 миллиард 425 миллион, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан 1 миллиард 174 миллион сўм тушум таъминланди. Сув солиғидан 599 миллион, бошқа тушумлардан эса 5 миллиард 596 миллион сўм маблағ шаклланди.
Йил бошидан маҳаллий бюджет бўйича белгиланган 23 миллиард 804 миллион сўмлик режанинг 39 миллиард 856 миллион сўмга бажарилгани ҳам ҳудуднинг даромад базасини кенгайтириш борасида муайян натижаларга эришилганини кўрсатади.
Муҳими, бюджет тушумлари рақамларда акс этибгина қолмаяпти. Уларнинг муайян қисми бевосита маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилмоқда. Жумладан, I чоракда ер ва мол-мулк солиқлари бўйича 2 миллиард 569 миллион сўм тушум таъминланиб, унинг 10 фоизи — 256,9 миллион сўми маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга ажратилди.
Демак, солиқ тушумларининг ортиши ҳудуднинг молиявий имкониятларини кенгайтириш билан бирга, аҳоли яшаш шароитини яхшилашга қаратилган вазифаларни амалга ошириш учун қўшимча манба яратади.
Матбуот анжуманида бюджет тушумларини оширишнинг мавжуд имкониятлари, улардан ҳудуд манфаатлари йўлида самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Тадбир якунида масъуллар ОАВ ходимлари ва журналистларнинг саволларига жавоб бериб, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар юзасидан қўшимча тушунтиришлар берди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири