Маданият соҳасидаги ишлар ўрганилди
Миллий маданиятни асраб-авайлаш, санъат ва ижод аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатишни янги босқичга олиб чиқиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Зеро, маданият ва санъат нафақат халқнинг маънавий қиёфасини намоён этади, балки миллий ўзликни англаш, ёш авлодни юксак қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам беқиёс аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Бухоро вилоятида бўлиб, ҳудудда маданият соҳасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва истиқболдаги режалар билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида маданият муассасаларининг бугунги фаолияти, санъат ва маданиятни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ижодий жамоалар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда янги ташаббусларнинг амалий натижаларига эътибор қаратилди.
Мулоқотларда соҳа олдида турган устувор вазифалар, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, миллий маданий меросимизни асраб-авайлаш, унинг бой намуналарини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Айниқса, маданият муассасалари фаолиятини мазмунан бойитиш, ижодий жамоаларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур имкониятларни кенгайтириш, аҳолининг маданий ҳаётдаги иштирокини ошириш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.
Вазир томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, ижодкорларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, маданият муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган маданий хизматлар сифатини яхшилаш юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан маданият ва санъатни ривожлантириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ижод аҳли учун муносиб шароитлар яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор бугун соҳада янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу эса маданият муассасалари зиммасига нафақат мавжуд анъаналарни давом эттириш, балки замон талабларига мос янги ижодий ёндашувларни жорий этиш масъулиятини ҳам юкламоқда.
Бухоро каби бой тарихий-маданий меросга эга ҳудудда бу вазифаларнинг аҳамияти янада ортиб боради. Зеро, Бухоронинг ноёб маданий муҳити, асрлар давомида шаклланган санъат анъаналари ва ижодий салоҳиятини замонавий имкониятлар билан уйғунлаштириш миллий маданиятимизнинг нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, маданият соҳасидаги ҳар бир ислоҳот ва ташаббуснинг якуний натижаси аҳоли ҳаётида, инсонларнинг маънавий эҳтиёжи қондирилишида, ёшларнинг санъатга қизиқиши ва ижодий салоҳияти рўёбга чиқишида намоён бўлиши лозим.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири