Ёшларнинг креатив ғоялари ва инновацион лойиҳалари намойиш этилди
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида “Креатив тадбиркор ёшлар” форуми ташкил этилди.
Ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инновацион ғояларини ривожлантириш ва уларни амалиётга татбиқ этишга кўмаклашишга қаратилган мазкур тадбирда турли йўналишлардаги истиқболли стартап лойиҳалари тақдим этилди.
Тадбир давомида ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланишини рағбатлантириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Форумнинг республика босқичида иштирокчилар ўз лойиҳаларини ҳакамлар ҳайъатига тақдим этдилар. Танлов натижалари ёшларнинг нафақат янги ғояларга, балки жамиятдаги мавжуд муаммоларга амалий ечим таклиф этишга ҳам интилаётганини кўрсатди.

Танловнинг биринчи ўрни Шуманай туманидан Худайберген Каримбергеновнинг “Ақлли аптечка” стартап лойиҳасига насиб этди. Мазкур ишланма, аввало, кекса ёшдагилар, мунтазам равишда дори воситаларини қабул қиладиган беморлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Лойиҳа дори қабул қилиш вақтини эслатиш, саломатлик ҳолатини кузатиш ва зарур ҳолларда тез тиббий ёрдам хизматига хабар бериш каби имкониятларни бирлаштиради. Шунингдек, қурилмадан автомобиль учун хавфсизлик мажмуаси ва биринчи ёрдам воситаси сифатида фойдаланиш ғояси ҳам илгари сурилган. Бу орқали замонавий технологияларни инсон саломатлиги ва хавфсизлигига хизмат қилдириш кўзда тутилган.
Иккинчи ўрин Нукус шаҳридаги 18 ёшли тадбиркор, 11-синф ўқувчиси Торебек Максетовнинг “Shartli” мобил дастурига берилди. У “Shartli UZ” компанияси асосчиси сифатида қарз, насия ва ижара муносабатларини рақамлаштиришга қаратилган лойиҳани ишлаб чиққан. Дастур жисмоний ва юридик шахслар ўртасида электрон шартномалар тузиш, шахсни MyID орқали тасдиқлаш, тўлов муддатларини назорат қилиш ва SMS ҳамда push-хабарномалар орқали огоҳлантириш имкониятларини қамраб олади.

Кичик бизнесда ўзаро ҳисоб-китобларнинг оғзаки келишувлар асосида амалга оширилиши, қарзларнинг ҳужжатлаштирилмаслиги тадбиркорлар учун молиявий хатарларни юзага келтириши мумкин. “Shartli” лойиҳаси ана шу муаммоларни камайтириш, келишувларни расмийлаштириш ва тўловларни бошқаришни соддалаштиришга қаратилган. Дастурда қарз ва тўловларни ягона панель орқали бошқариш, тўлов муддати келганда эслатмалар юбориш каби функциялар ҳам назарда тутилган.
Лойиҳа муаллифи тақдим этган маълумотларга кўра, компания жорий йилда Қорақалпоғистонга 40 минг АҚШ доллари, шунингдек, Англиялик инвесторлардан 20 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилган. Компания қиймати 200 минг АҚШ долларига баҳоланаётгани ҳам қайд этилди. Ҳали мактабда таҳсил олаётган ёшнинг ўз стартапини ривожлантириб, инвестиция жалб этишга эришаётгани ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар мавжудлигини кўрсатади.
Танловнинг учинчи ўрнини Тахиатош туманидан Аразтаж Атажанованинг “EcoDrop Anti-Termite” стартап лойиҳаси эгаллади. Қизилмия илдизи асосида термитларга қарши биологик ем-хўрак тайёрлашга қаратилган ушбу ишланма уй-жойлар ва тарихий обидаларни термитлар етказадиган зарардан ҳимоя қилиш муаммосига ечим таклиф этади.

Лойиҳа доирасида қизилмия илдизидан фаол моддаларни ажратиб олиш, уларни целлюлоза асоси билан аралаштириш ва термитлар учун махсус ем-хўрак тайёрлаш кўзда тутилган. Муаллифнинг тушунтиришича, махсус қутичаларга жойлаштириладиган восита термитларнинг уясига тарқалиб, уларнинг бутун колониясига таъсир кўрсатиши керак. Лойиҳанинг дастлабки тажрибаcи Нукус шаҳридаги айрим хонадонларда ўтказилиб, ижобий натижа қайд этилгани маълум қилинди. Ушбу ишланманинг кенг қўлланилиши учун унинг самарадорлиги ва хавфсизлигини илмий жиҳатдан баҳолаш муҳим аҳамиятга эга.
Форум доирасида ҳунарманд ёшлар ва стартап лойиҳалари муаллифларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчиларнинг ижодий ишлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва истиқболли ишланмалари намойиш қилинди. Шунингдек, бизнес-марафон ташкил этилиб, Лобар Юлдашева, Гулайим Алламбергенова ва Хурсанд Азилов ёшлар билан ўз тажрибаларини ўртоқлашдилар ҳамда маҳорат дарслари ўтказдилар.
Тадбирда ёшларнинг рақамли технологиялар соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” ташаббуси доирасида семинарлар ташкил этилди. Сунъий интеллект, веб-дастурлаш, киберхавфсизлик ва мобил иловалар яратиш бўйича амалий билимларни ривожлантириш ёшларнинг замонавий меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ёшлар тадбиркорлиги, креатив иқтисодиёт ва инновация соҳаларидаги ютуқларга бағишланган республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
“Креатив тадбиркор ёшлар” форуми ёшларнинг ғояларини намойиш этиш билан бирга, уларни амалий натижага айлантириш учун тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва инвестиция имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. ЎзЛиДеПнинг бу йўналишдаги ташаббуслари ёшларнинг тадбиркорлик фаоллигини ошириш, инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ҳудуд иқтисодиётида уларнинг иштирокини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири