Бухоро зиёрати: қардошлик ришталарининг янги ва юксак босқичи
Бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида шаклланган янги сиёсий муҳит ва яхши қўшничилик тамойиллари қардош халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарини сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифи нафақат икки томонлама алоқалар, балки бутун минтақамиз тарихида муҳим сиёсий ва маънавий воқеа сифатида эътироф этилмоқда. Ушбу ташриф ўзбек ва тожик халқларининг тақдири бир, мақсади муштарак эканини, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари эндиликда қайтмас тус олганини яққол намоён этди. Кейинги йилларда давлат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси туфайли икки мамлакат ўртасидаги ишонч муҳити тикланиб, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган суръатларда ривожланмоқда.
Бу, ўз навбатида, икки давлатнинг иқтисодий қудратини ошириш билан бир қаторда, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг энг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлат ташрифи доирасида икки мамлакат етакчиларининг қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрига ташрифи алоҳида рамзий ва маънавий аҳамият касб этди. Ислом цивилизациясининг йирик марказларидан бири бўлган Бухоро заминидаги муқаддас қадамжолар икки халқни боғлаб турувчи умумий тарихий илдизлар ва маданий қадриятларнинг муштараклигини яна бир бор тасдиқлади.

Президент Шавкат Мирзиёев учрашувлар давомида: “Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини кўп асрлик дўстлик, муштарак тарих, маданият ва маънавий қадриятлар бирлаштириб туради. Бизнинг стратегик шериклигимиз — минтақавий барқарорлик ва изчил тараққиётнинг муҳим омилидир”, дея алоҳида қайд этди.

Зиёрат жараёнида "Етти пир" мажмуалари ва тарихий обидалар билан танишар экан, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳам ўз ҳаяжонини яширмай: «Бухоро — нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақамизнинг ифтихори. Бу ердаги обидалар ва муқаддас қадамжолар бизнинг маънавий илдизларимиз бир эканини, маданиятимиз ва тарихимиз узвий боғланганини исботлайди», дея таъкидлади. Бундай самимий мулоқотлар ва аждодлар меросига кўрсатилган юксак эҳтиром икки халқ ўртасидаги маънавий кўприкларни янада мустаҳкамлади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи, хусусан, Бухородаги тарихий қадамжоларга амалга оширилган зиёрати икки қардош халқнинг кўнгил ришталари нақадар чуқур эканининг амалий ифодаси бўлди. Бу учрашувлар фақатгина сиёсий келишувлар билан чекланиб қолмай, халқларимизнинг маданий-маънавий бирлигини янги мазмун билан бойитди ҳамда келгусидаги кўп қиррали ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратди.
Бугунги шиддатли даврда бундай яқинлик ва ҳамжиҳатлик минтақамизда тинчликни асраш, ёш авлодни аждодлар меросига содиқлик руҳида тарбиялаш ва умумий фаровонликка эришиш йўлида беқиёс аҳамиятга эгадир. Зеро, тарих синовларидан ўтган, буюк алломалар дуоси билан суғорилган ўзбек-тожик дўстлиги эндиликда янги даврнинг улкан ютуқларига асос бўлиб хизмат қилаверади. Ушбу тарихий ташриф якунлари икки мамлакат муносабатларида янги бир "олтин давр" бошланганидан далолат беради ва бу дўстлик келгуси авлодлар учун ибрат мактаби бўлиб қолади.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Шофиркон тумани бўлинмаси раҳбари