Бухоро туризмига халқаро қизиқиш ортмоқда
Бугунги кунда Бухоро вилояти нафақат ўзининг бой тарихий-маданий мероси, балки замонавий туризм инфратузилмасини шакллантириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлари билан ҳам халқаро ҳамжамият эътиборини тортмоқда. Вилоятда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, меҳмондўстлик хизматлари сифатини ошириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган ишлар кўлами кенгайиб бормоқда.
Ана шу мақсадлар доирасида Грециянинг “Hellenic E&C” муҳандислик-қурилиш компанияси раҳбари Полидорос М. Зеккос, Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси раиси Гулчеҳра Исроилова ҳамда Бухоро вилоят туризм бошқармаси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида меҳмонларга Бухоро вилоятининг улкан туризм салоҳияти, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда туристлар оқимини янада кўпайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, ҳудудда замонавий 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар қуриш, янги туристик масканларни ташкил этиш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Учрашув чоғида Полидорос М. Зеккос Бухорода туризм инфратузилмасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. У халқаро тажрибага таянган ҳолда замонавий меҳмонхоналарни лойиҳалаш, қуриш ва уларни илғор технологик жиҳозлар билан таъминлаш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

Шунингдек, грек мутахассиси меҳмонхона бизнесини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш маданиятини янада такомиллаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда замонавий меҳмондўстлик тамойилларини кенг татбиқ этиш борасида экспертлик кўмаги кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.
Музокаралар давомида туризм соҳасида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, хусусий сектор иштирокини фаоллаштириш ва янги иш ўринлари яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Бухоронинг туристик жозибадорлигини янада ошириш, хорижий сайёҳлар учун замонавий ва қулай инфратузилмани шакллантириш бўйича фикр алмашди.
Учрашув якунида томонлар меҳмонхона қурилиши, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири