Қадим ва боқий Бухоро сайёҳларни ҳайратлантирмоқда
Бухоро азалдан Шарқ цивилизациясининг йирик марказларидан бири сифатида дунё аҳлини ўзига ром этиб келган. Минг йиллик тарих, бетакрор меъморий обидалар, муқаддас қадамжолар ва меҳмондўст халқ бу қадим шаҳарнинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Бухоро нафақат Ўзбекистоннинг, балки Марказий Осиёнинг энг жозибадор сайёҳлик марказларидан бирига айланди.
Бугунги кунда вилоятда туризм иқтисодиётнинг муҳим ўсиш нуқтасига айланиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 21 та янги жойлаштириш воситаси, жумладан, меҳмонхоналар, хостеллар ва оилавий меҳмон уйлари ишга туширилди. Натижада вилоятдаги жойлаштириш объектлари сони 703 тага етди ва бир вақтнинг ўзида қарийб 18 минг 300 нафар меҳмонни қабул қилиш имконияти яратилди. Шунингдек, янги туроператор ва турагентликларнинг фаолият бошлаши туризм хизматлари қамровини янада кенгайтирди.
Статистик маълумотларга кўра, йил бошидан буён Бухорога бир миллион нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Туризм хизматлари экспорти ҳажми эса қарийб 320 миллион АҚШ долларига етди. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 2,5 миллион нафардан зиёд маҳаллий сайёҳ қадим шаҳарга ташриф буюргани соҳадаги ўсиш суръатларини яққол намоён этмоқда.
Айниқса, Қурбон ҳайити муносабати билан берилган дам олиш кунларида Бухоро янада гавжум бўлди. Беш кун давомида вилоятга 67,5 минг нафар хорижий ва 98,2 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Улар нафақат тарихий ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди, балки шаҳарда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, замонавий инфратузилма ва юқори даражадаги хизмат кўрсатиш тизими билан ҳам танишди.
–Дам олиш кунларида оиламиз билан Бухорога келдик. Қадимий қадамжоларни зиёрат қилдик. Бу ерда яратилган шарт-шароитлар ва хизматлар кўплаб хорижий мамлакатлардагидан қолишмайди. Шаҳардаги ўзгаришлардан жуда мамнун бўлдим, –дейди тошкентлик меҳмон Муҳаббат Набиева.
Бухоронинг асосий жозибаси унинг бой тарихий меросида намоён бўлади. Пои Калон мажмуаси, Арк қалъаси, Лаби Ҳовуз ансамбли каби ноёб меъморий ёдгорликлар асрлар давомида ўз қимматини йўқотмаган. Хусусан, XVI–XVII асрларда барпо этилган Лаби ҳовуз ансамбли бугун ҳам минглаб сайёҳларни ўзига жалб қилиб, шаҳарнинг ҳақиқий рамзларидан бири сифатида хизмат қилмоқда.
Турли давлатлардан келган меҳмонлар Бухоро ҳақида илиқ фикрлар билдирмоқда. Германия, Ҳиндистон, Россия, Швейцария, Хитой, Италия, Австралия ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган сайёҳлар шаҳарнинг бетакрор меъморчилиги, миллий таомлари, хавфсиз муҳити ва инсонларнинг самимий муносабатини алоҳида эътироф этмоқда. Уларнинг аксарияти Бухорони “эртаклар шаҳри”, “Шарқ дурдонаси” ва “тирик тарих музейи” сифатида баҳоламоқда.
–Мен кўрган шаҳарлар орасида Бухоро энг гўзал ва энг қадимийларидан бири бўлди. Бу ер ҳақиқатан ҳам Шарқнинг дурдонаси экан. Унутилмас таассуротлар билан юртимга қайтяпман, –дейди германиялик сайёҳ Юлия Нойер.
Ҳиндистонлик сайёҳ Видуши Жаин эса Бухорони эртаклар шаҳрига қиёслади.
–Тошкент ва Самарқанддан кейин Бухорога келдик. Бу шаҳарнинг тарихи, маданияти ва миллий таомлари бизда жуда катта таассурот қолдирди. Гўё ўзимизни эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қиляпмиз, –дейди меҳмон.
Россиялик сайёҳ Анна Виткина эса бухороликларнинг меҳмондўстлигини алоҳида эътироф этди.
–Бу ерда сизни сайёҳ сифатида эмас, балки ўз юртининг меҳмони сифатида қабул қилишади. Одамларнинг самимийлиги ва меҳрибонлиги саёҳатимизни янада мароқли қилди, –дейди у.
Швейцариялик сайёҳ Верҳ Нойернинг фикрича, Ўзбекистон ва унинг қадим шаҳарлари узоқ вақт хотирадан ўчмайдиган таассурот қолдиради.
–Биз бир неча мамлакат бўйлаб саёҳат қилдик. Аммо Бухоро ўзининг тарихий муҳити ва бетакрор қиёфаси билан алоҳида ажралиб турди, –дейди сайёҳ.
Ҳиндистонлик шифокор Девжитҳ Кар ҳам Бухоро ҳақида юқори фикр билдирди:
–Бу ердаги тарихий обидалар, меъморчилик намуналари ва инсонларнинг меҳрибонлиги бизда катта таассурот қолдирди. Мен дунёнинг турли мамлакатларидаги инсонларга Бухорога ташриф буюришни тавсия қилган бўлардим.
Хитойлик сайёҳ Тянг Шуа эса Бухорони ижтимоий тармоқлар орқали кашф этганини айтади:
–Расмлар орқали кўриб, бу ерга келишни орзу қилгандим. Ҳақиқатда эса Бухоро кутганимдан ҳам гўзал экан. Ҳар бир кўчасида тарих нафаси сезилиб туради, — дейди меҳмон.
Италиялик сайёҳ Рой Серкуэтининг таъкидлашича, Бухоро дунёдаги тарихий шаҳарлар орасида муносиб ўринга эга.
–Биз Римдан келганмиз. Аммо Бухоро ҳам ўзининг бой тарихи ва маданияти билан бизда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерга яна қелиш ниятидамиз, –дейди италиялик сайёҳ Рой Серкуэти.
[gallery-29742]
Австралиялик Эндрю Томпсон эса шаҳарнинг тарихий муҳити ва меъморчилигидан ҳайратланганини яширмайди:
-Бу ерда ўзимни эртаклар оламида юргандек ҳис қилдим. Бир неча асрлар аввал барпо этилган обидаларнинг бугунгача сақланиб қолгани ҳайратланарли.
Бугун Бухоро жаҳон стандартлари асосида хизмат кўрсатувчи замонавий туристик марказга айланмоқда. Президентимиз ташаббуси билан туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, янги инфратузилма объектлари ва қулай шарт-шароитлар шаҳарнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, кўҳна ва боқий Бухоро ўзининг бетакрор тарихи, ноёб меъморий обидалари, меҳмондўст халқи ва замонавий инфратузилмаси билан дунё сайёҳларини ҳайратга солишда давом этмоқда. Қадимийлик ва замонавийлик уйғунлашган бу шаҳар бугун Ўзбекистон туризмининг ҳақиқий бренди сифатида халқаро майдонда тобора кенг эътироф этилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари