Бугунги эътибор — эртанги ғалаба
Ўзбекистонда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спортга бўлган қизиқишини ошириш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан спортни оммалаштириш, ёшларни мунтазам жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига кенг жалб этиш, келажакда халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган истеъдодли спортчиларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун юртимизда бунинг амалий ифодасини спорт иншоотлари ва таълим муассасаларида яратилаётган шароитлар, ёшлар учун ташкил этилаётган мусобақалар, янги спорт лойиҳалари ҳамда спортчиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларда кўриш мумкин. Ана шундай эзгу ишларнинг навбатдаги амалий ифодаси Бухоро вилоятида намоён бўлди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Спорт вазирлиги томонидан Бухоро вилоятидаги спорт таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда турли спорт турлари билан мунтазам шуғулланаётган ёш спортчилар учун 8 минг донага яқин замонавий спорт кийимлари ва 9 турдаги 1 283 дона спорт инвентари ажратилди. Бу оддийгина спорт кийимлари ёки инвентарлар эмас. Уларнинг замирида ёш авлод саломатлиги, спортга бўлган меҳр-муҳаббатни кучайтириш, истеъдодларни юзага чиқариш ва уларга катта марралар сари дадил қадам ташлаш учун яратилаётган имкониятлар мужассам.

Мазкур спорт кийимларини топшириш маросими Бухоро шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида кўтаринки руҳда ташкил этилди. Унда Бухоро вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Ўткир Наджимидинов, вилоят прокуратураси масъуллари, спорт таълим муассасалари вакиллари, мураббийлар ҳамда ёш спортчилар иштирок этди. Тадбир давомида мамлакатимизда спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди.
Спорт — фақат мусобақа ва ғалаба эмас. У ёшларни интизомга, матонатга, меҳнатсеварликка, рақобатга бардошли бўлишга ва мақсад сари қатъият билан интилишга ўргатадиган улкан тарбия мактабидир.
Шу боис спортчиларни замонавий ва сифатли спорт кийимлари, зарур инвентарлар билан таъминлаш машғулотлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ўзига ярашадиган, замонавий спорт кийимида машғулотга киришган ёшнинг ўзига бўлган ишончи, спортга бўлган иштиёқи ҳам янада ортади. Айниқса, бугун спортнинг турли йўналишларида Бухоронинг истеъдодли ёшлари республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муносиб натижаларни қайд этиб келаётгани қувонарлидир. Уларнинг ҳар бир ғалабаси ортида фидойи мураббийларнинг заҳматли меҳнати, ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши ва ёш спортчиларимизнинг тинмай изланиши турибди.

Эндиликда улар учун яратилаётган бундай шароитлар янги чемпионлар, янги рекордлар ва янги ғалабалар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларида вилоят спорт бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси масъуллари томонидан спорт таълим муассасаларида шуғулланаётган ёш спортчиларга спорт кийимлари тантанали равишда топширилди. Ёшларнинг қувончи, кўзларидаги ҳаяжон ва келажакдаги катта мақсадларга бўлган ишончи тадбирга ўзгача файз бағишлади. Зеро, бугун спорт залида машқ қилаётган, мусобақаларда ўзини синаётган ҳар бир бола эртага юртимиз байроғини халқаро ареналарда баланд кўтарадиган чемпион бўлиши мумкин. Шундай экан, ёш спортчига берилган ҳар бир имконият — келажакдаги улкан ғалабага қўйилган қадамдир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида бухоролик ёш спортчиларга тақдим этилган ушбу туҳфа ҳам ана шу эзгу мақсад — соғлом, иродали, билимли ва Ватанга муносиб авлодни вояга етказиш йўлидаги амалий эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири