Бугун – халқаро ёшлар куни
Ривожланишни мақсад қилган мамлакат борки, ўз ёшларига эътибор қаратади. Бунда ўз-ўзидан халқаро миқёсдаги дўстона алоқалар ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шуни инобатга олган ҳолда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1999 йилдаги 54/120 резолюцияси билан Халқаро ёшлар куни деб эълон қилинди. Шундан бери ҳар йили 12 август санаси бутун дунё бўйлаб Халқаро ёшлар куни сифатида нишонланади. Бу кун ёшларнинг жамиятдаги ўрни, уларнинг қобилиятлари ва салоҳиятини эътироф этиш, шунингдек, уларнинг дуч келаётган қийинчиликларига эътибор қаратиш учун ажратилган.
Халқаро ёшлар кунини нишонлаш ғояси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ёшлар масалаларига эътиборни жалб қилиш ҳаракатлари доирасида пайдо бўлди.
Бундан кўзланган мақсад бутун дунё ёшларини қийнаётган муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиш ва уларнинг ғояларини жаҳон ҳамжамияти даражасида қўллаб-қувватлашдан иборат.
Шунинг учун ҳам Ҳар йили халқаро ёшлар куни маълум бир мавзуга бағишланади. Мавзулар ёшлар олдида турган долзарб муаммоларни ҳисобга олган ҳолда танланади.
Умуман олганда, бу кунда ёшларнинг халқаро муносабатларда фаоллиги ҳам бир поғона юқорилайди. Қолаверса, дунё ҳамжамиятидаги долзарб масалаларга уларнинг қарашлари ҳам алоҳида инобатга олинади.
Шербек Исломов, ЎзА