Аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Мамлакатимизнинг мустақилликка эришган куни юртимизда муҳим саналардан бири ҳисобланади. Шу кунларда Ўзбекистоннинг 35 йиллик юбилейи кенг шодиёна қилинмоқда. Ана шундай азиз байрам олдидан давлатимизнинг босиб ўтган йўлини сарҳисоб қилиш, келажак ривожланиш стратегияларини белгилаб чиқиш алоҳида ўрин эгаллайди. “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент қарорининг қабул қилиниши, унда "Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!" деган бош ғоя илгари сурилиб, у жамиятни бирлаштирувчи, фуқароларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамловчи асос сифатида белгилангани долзарб аҳамиятга эга. Айни кунларда мазкур ғоя асосида жойларда турли тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Н.Ҳалимов иштирокида Шаҳрисабз туманининг "Мевазор" маҳалласида ўрганишлар олиб борилди ва аҳоли билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Бу учрашувдан мақсад — тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган аҳоли вакилларини янги иш ўринлари билан таъминлаш.
Учрашув давомида вилоят ҳамда туман Кенгаши раислари маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган "Дастурчи авлод Академияси" МЧЖда бўлиб, корхона фаолияти билан яқиндан танишди.

Корхонада 650 квадрат метр майдонда барпо этилган икки қаватли касб-ҳунарга ўқитиш ва инкубация маркази фаолият юритмоқда. Мазкур масканда тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишлари йўлга қўйилган бўлиб, бунинг натижасида 200 та янги иш ўрни яратилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, 2016 йил 5 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожлантиришни таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашда муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.

Ўрганишлар давомида партия вакиллари юртимизда тадбиркорлик субъектлари учун яратилган имкониятлар, имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар берди. Шунингдек, учрашув давомида маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказилиб, фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Уларни қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди, тегишли таклифлар билдирилди.
Солиҳа Абдуғафурова,
Ўзбекистон Миллий университети
Журналистика ва ўзбек филологияси факультети талабаси