Бразилияда президентлик сайловлари: номзодлар иккинчи турга тайёргарлик кўрмоқда
Бразилияда президентлик сайловларининг иккинчи тури олдидан Сан-Паулу шаҳрида амалдаги президент Луис Инасиу Лула да Силвани қўллаб-қувватлаш мақсадида минглаб инсонлар митингга йиғилди.
“Демократия марши” номи остида ўтган ушбу тадбирда чиқиш қилган Лула да Силва бўлажак сайлов жараёнига нисбатан ишонч билдирди ва биринчи турда қатнашмаган 30 миллиондан ортиқ фуқароларни, айниқса, кекса ёшдаги сайловчиларни фаол бўлишга чақирди.
ОАВга интервью берган митинг қатнашчилари ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳимлигини қайд этдилар. Шунингдек, йиғилганлар ташқи аралашувларга қарши ҳайқириқлар билан мамлакат мустақиллигини қўллаб-қувватлади.
Ўз навбатида, президентлик сайловларининг биринчи турида ғалаба қозонган собиқ президент Жаир Болсонарунинг ўғли Флавио Болсонару ҳам Сан-Паулуда ўз партиясидан сайланган мэрлар билан учрашув ўтказди.
Маълумот учун: 159 миллионга яқин сайловчи рўйхатга олинган биринчи турда овозларнинг 99,8 фоизи ҳисоблаб чиқилгач, Флавио Болсонару 47 фоиз (56,1 миллион овоз), Луис Инасиу Лула да Силва эса 45,1 фоиз (53,8 миллион овоз) тўплашга муваффақ бўлган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА