Божхона постида кийим орасига яширилган саъва қушлари аниқланди
Тошкент вилоятидаги "Навоий" чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келаётган фуқаронинг кийими орасига яширилган 46 бош саъва қуши аниқланди.
Божхона ходимлари томонидан белгиланган тартибда ўтказилган шахсий кўрик давомида оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва декларация қилинмаган қушлар аниқланди.
Ҳозирда қушларни Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси масъулларига топшириш, кейинчалик эса уларни табиий яшаш муҳитига қайтариш чораларини кўриш режалаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарга нисбатан божхона органлари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА