“Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими амалда
Мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшимча иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда иқтисодий фаолият иштирокчиларининг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими алоҳида ўринга эга. Бу режимда тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва турли божхона божларидан тўлиқ озод этилади.
Бугунги кунда Навоий вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида 22,9 миллион АҚШ долларидан зиёд қийматдаги хомашё божхона ҳудудида қайта ишлаш мақсадида олиб келинган.
Ҳозирда Навбаҳор туманидаги “Solis Olis” МЧЖ ҳам мазкур имтиёзлардан фойдаланиб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтирмоқда.

– Ҳозирги кунда корхонамизда 60 киши ишлайди. Ички ва ташқи бозор учун ўсимлик ёғи ишлаб чиқаряпмиз, - дейди МЧЖ вакили Отабек Мансуров. – Ўзимизнинг брендимиз бор. Бугунги кунда хом ашёни асосан Россия ва Қозоғистондан олиб келяпмиз. Бу ерда қайта ишлаб, қадоқлаб, юртимизга ва экспортга йўналтиряпмиз. Ҳозирда божхона ва солиқ имтиёзларидан фойдаланмоқдамиз.

Бугунги кунда Навоий вилояти божхона бошқармаси мутасаддилари жойларда бўлиб, қайта ишлаш божхона режими қўлланишини кенгайтириш учун тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказмоқда. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, ечимини топишга кўмаклашилмоқда. Божхона тизимида амалга оширилаётган бундай очиқ ва манзилли ёндашувлар иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда тадбиркорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири