Маҳаллалардаги муаммолар ўрганилди
Халқ вакилларининг жойлардаги ўрганишлари ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, фуқароларга қулай шарт-шароит яратишда муҳим ўрин тутади. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлари - Ҳабибулла Оқилов ва Нигора Эшметова томонидан 6-Сарбон сайлов округи ҳудудидаги маҳаллаларда аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни манзилли ҳал этиш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Хусусан, Алишеробод маҳалласида болалар ва ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий очиқ спорт майдонини ташкил этиш масаласи ўрганилди. Ҳудудда бўш ер майдони мавжудлиги аниқланиб, мутасаддилар билан зарур ишлар муҳокама қилинди.
Ижодкор маҳалласида эса электр энергиясини узатувчи 15 та симёғочнинг эскиргани, шунингдек, 15 та хонадон канализация тармоғи билан таъминланмагани аниқланди.
Шунингдек, ички йўллар ва тунги ёритиш тизими билан боғлиқ масалалар ҳам ўрганилди. Жумладан, Ижодкор маҳалласидаги 150–200 метр ички йўлга, Алишеробод маҳалласидаги Миллий боғ кўчасининг 70 метр қисмига асфальт қопламаси ётқизиш ҳамда Ижодкор маҳалласининг ички кўчаларини ёритиш зарурати қайд этилди.
Депутатлар томонидан аниқланган муаммоларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этиш, масалаларни назоратга олиш ва аҳоли учун қулай инфратузилма яратиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова,
ЎзА