Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бўйича Ўзбекистон ва АҚШ тажриба алмашди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Федерация қошидаги Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти томонидан Американинг Camp Education International (CEI) глобал ташкилоти ҳамкорлигида икки кунлик халқаро ўқув семинари ўтказилди.
Болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумига оид ушбу семинарнинг аҳамияти нимада?
Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Мамлакатимизда болаларни ёзги мавсумда соғломлаштириш масалаларига катта эътибор қаратиб келинади. Ушбу мавсумга ёз фасли бошланишидан анча аввал тайёргарлик кўрилиши бу эътиборнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Федерация қошидаги Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти томонидан ўтказилган ўқув семинарида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги 85 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари раҳбарлари, Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти мутасаддилари, Касаба уюшмалари масъул ходимлари ва Camp Education International (CEI) глобал ташкилоти раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти ва Америка болалар оромгоҳлари Ассоциацияси ўртасида имзоланган меморандум ижроси доирасида ташкил этилган Халқаро ўқув-семинардан кўзланган асосий мақсад ўзаро тажриба алмашишдан иборат.
Camp Education International (CEI) глобал ташкилоти – болаларни ривожлантиришнинг замонавий ёндашувларини илгари сурувчи халқаро ижтимоий ташкилот бўлиб, “оромгоҳ таълими” тизимини ривожлантиришга ихтисослашган. “Camp education” оромгоҳ таълими – бу анъанавий синф муҳитидан ташқарида амалга ошириладиган, илмий асосланган ва болани ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган тизимли таълим модели ҳисобланади. Camp Education International (CEI) давлат органлари, таълим муассасалари ва ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорликда болалар оромгоҳлари тизимини ривожлантириш, ходимларни ўқитиш, дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда халқаро тажриба алмашишга кўмаклашади.
Семинар-тренинглар давомидаги фикр алмашувлар жараёнида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакат ўғил-қизларини болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олдириш ва соғломлаштириш учун яратиб берилаётган қатор имтиёз ва кафолатлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди ва юксак баҳоланди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан болаларни соғломлаштириш учун ота-оналар ҳарид қилаётган оромгоҳ йўлланмаларининг 50 фоиз миқдори компенсация тарзида давлат томонидан тўлаб берилиши йўлга қўйилгани, ижтимоий реестрга киритилган оилалардаги аъло баҳоларга ўқиётган мактаб ўқувчиларига бепул йўлланмалар ажратилаётгани ноёб тажриба сифатида меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Ўқув машғулотлари давомида болаларда чидамлилик, етакчилик, ўзаро мулоқот, креативлик ва жамоада ишлаш каби муҳим ҳаётий кўникмаларни шакллантириш бўйича Ўзбекистон ва АҚШ оромгоҳлари ўртасида тажрибалар алмашилди.
Семинарнинг биринчи куни иштирокчилар оромгоҳ педагогик жамоасини самарали бошқариш, оромгоҳ директорининг дастурларни амалга оширишдаги роли, 12 кунлик оромгоҳ дастури доирасида маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро алоқалар ва болалар учун тўгарак ҳамда клубларни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, болалар хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш, санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳамда оромгоҳлардаги яшаш шароитларини тизимли мониторинг қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Семинарнинг иккинчи кунида иштирокчилар болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, йил давомида даромад манбаларини кенгайтириш механизмларини ўрганди. Алоҳида сессия Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти тизимидаги “oromgohlar.uz” рақамли платформасига бағишланиб, унинг аҳамияти ҳамда оромгоҳларни бошқариш самарадорлигини оширишдаги ўрни хусусида сўз юритилди.
Якуний мавзу сифатида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалалари кўриб чиқилди. Бу эса уларнинг жозибадорлигини ошириш ва аҳолини хабардор қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур ўқув семинари халқаро тажриба алмашиш ва Ўзбекистонда болаларни дам олдириш ҳамда соғломлаштириш тизимига замонавий ёндашувларни жорий этиш учун муҳим майдонга айланди. Camp Education International (CEI) билан ҳамкорлик болалар оромгоҳларини баркамол авлодни шакллантириш ва уларни келажак ҳаётга тайёрлашда самарали муҳит сифатида ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Халқаро ўқув семинари доирасида Camp Education International глобал ташкилоти мутасаддилари Бухоро вилоятидаги бир қатор стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур оромгоҳларда болаларни жисмоний чиниқтириш билан бирга маънавиятини юксалтириш борасидаги ҳамда тарбиявий йўналишлардаги ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Анжуман якунида америкалик мутахассислар Ўзбекистонда ҳам АҚШда ҳам болалар оромгоҳлари бўйича ўзига хос тажриба мавжудлиги, хусусан, Ўзбекистонда болаларни оромгоҳларда соғломлаштириш борасида катта тажриба тўплангани, ушбу тажрибалар ўрганишга ва бошқа мамлакатлардаги оромгоҳларда татбиқ этишга лойиқ эканини алоҳида эътироф этди.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.