“Ҳокимлик соати”да кредит интизоми ва қарздорликлар муҳокама этилди
Сирдарё вилоятида оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган кредитлар бўйича муаммоли қарздорликлар ҳажми 2026 йил 1 май ҳолатига кўра 431,8 миллиард сўмга етди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ўтказилган “ҳокимлик соати”да маълум қилинди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида ўтказилган муҳокамада кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши, қайтарилиши ва қарздорликларни қисқартириш масалалари танқидий таҳлил этилди. Йиғилишда айрим ҳудудларда ижобий динамика кузатилган бўлса-да, умумий ҳолатда муаммоли кредитлар ҳажми юқори даражада сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Маълумотларга кўра, Янгиер шаҳри, Сирдарё ва Боёвут туманларида муаммоли кредитлар ҳажми ортиб бормоқда. Шунингдек, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилган кредитлар бўйича муаммоли қарздорлик 34,4 миллиард сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан ўсиш қайд этилган.
Муҳокамада тижорат банкларига ундирув ишларини кучайтириш, ҳар бир қарздорликни индивидуал тарзда ўрганиш ва тизимли ёндашувни кучайтириш вазифаси қўйилди. Айрим қарздорликларнинг узоқ вақт давомида ечим топмаётгани ҳам танқид остига олинди.
Шунингдек, доимий даромадга эга бўлган айрим фуқаролар томонидан кредит мажбуриятларини ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари молиявий интизомга салбий таъсир кўрсатаётган омил сифатида кўрсатиб ўтилди.
Йиғилиш якунида масъулларга ҳар бир қарздорлик ҳолати бўйича манзилли ишлаш, ундирув жараёнларини жадаллаштириш ва натижадорликни ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Асосий эътибор кредит маблағларининг самарали айланишини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва молиявий интизомни мустаҳкамлашга қаратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири