Бокуда ўзбек шоири Шуҳрат Орифнинг шеърлар китоби нашр этилди
Озарбайжон ва Ўзбекистон орасидаги адабий-маданий алоқалар ривожига муносиб ҳисса ўлароқ янги авлод ўзбек шеъриятининг вакилларидан бири, Ўзбекистон ва ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шуҳрат Орифнинг “Мактубдир умрим” номли шеърлар китоби Бокуда озарбайжон тилида нашр этилди.
Мазкур китоб муаллифнинг озарбайжон ўқувчилари билан илк кенг қамровли шеърий учрашуви бўлиши билан бирга икки қардош халқ ўртасидаги муштарак адабий-маданий ҳамкорликнинг янги босқичда ривожланишига хизмат қиладиган муҳим лойиҳадир.
Ушбу нашр Дунё ёш турк ёзарлар бирлиги ҳамда Минтақавий ҳуқуқий ва иқтисодий маърифатга чорлаш жамоат бирлигининг қўшма лойиҳаси сифатида тайёрланган.

Нашрнинг таҳрир ҳайъатидан Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг таниқли адабиёт, маданият ва жамоатчилик вакиллари ўрин олган. Жумладан, Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги аъзоси, “Исмойилли ижодкорлар” жамоат бирлиги раиси, шоир-публицист Шоҳмуҳаммад Тоғларўғли (Султонов) ҳамда Халқаро “Алаш” адабиёт мукофоти лауреати, шоир-публицист Акбар Қўшали ушбу китобни озарбайжон тилига ўгирган.
160 саҳифадан иборат “Мактубдир умрим” китобида Шуҳрат Ориф поэтик оламининг асосий мотивлари — муҳаббат, илоҳий ишқ, маънавий изланиш, замон, йўл, инсоннинг ички дунёси, Ватан туйғуси ва умуминсоний қадриятлар ўзига хос бадиий-эстетик тилда ифода этилган.
Китобнинг кириш қисмидан Орзу Бағированинг “Таништирув” мақоласи ҳамда Акбар Қўшалининг “Ўнгсўз”и ўрин олган. Ҳар икки мақолада муаллиф ижодининг ўзига хос жиҳатлари, Озарбайжон — Ўзбекистон адабий-маданий кўприкларининг тарихи ва истиқболлари таҳлил этилган.
“Мактубдир умрим” нафақат янги шеърлар тўплами, балки туркий дунёнинг муштарак сўз майдонига йўналтирилган маънавий лойиҳадир. Ушбу нашр Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида кейинги йилларда тобора кенгайиб бораётган гуманитар ҳамкорлик, умумий маданий хотира ва ўзаро адабий таништиришнинг муваффақиятли намуналаридан бири сифатида баҳоланмоқда.
“CН Полиқраф” нашриётида чоп этилган мазкур китоб кенг китобхонлар оммаси, айниқса, ўзбек шеъриятига қизиқувчи ўқувчилар учун мўлжалланган.
ЎзА