Ўзбекистон-АҚШ: 267 миллион долларлик “Пискент Технопарк” лойиҳаси муҳокама қилинди
Нью-Йорк шаҳрида ўтказилаётган Барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форум доирасида Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев қатор хорижий компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Ана шундай музокаралардан бири АҚШнинг “RS Capital Engineering” компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтди. Учрашувда сув хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, насос станцияларининг энергия самарадорлигини ошириш, насослар, турбиналар, генераторлар, юқори кучланишли электр двигателлари ва бошқа замонавий электротехник ускуналарни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда технологиялар трансферини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда вазир Президент ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тармоқ инфратузилмасини модернизация қилиш ва соҳага инвестицияларни жалб этиш борасидаги ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг 6-мақсади - “Тоза сув ва санитария” йўналишида эришган ютуқлари халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланаётгани таъкидланди. Қайд этилганидек, мамлакатимизнинг мазкур йўналишда тўплаган илғор тажрибаси Нью-Йорк шаҳрида ўтаётган Барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форум доирасида халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этилмоқда.
Сув хўжалиги вазирлиги Халқаро алоқалар ва ЖСТ масалалари бўлими бош мутахассиси Темур Баҳрановнинг таъкидлашича, музокараларда умумий қиймати 267 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи “Пискент Технопарк” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинган.
– Биз музокаралар чоғида мазкур лойиҳани амалга оширишнинг барча жиҳатларини атрофлича кўриб чиқдик. Лойиҳа доирасида замонавий электротехник ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, юқори технологияли саноат қувватларини яратиш, сервис хизматларини ривожлантириш, муҳандис кадрлар тайёрлаш ва маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш кўзда тутилган. “RS Capital Engineering” компанияси вакиллари АҚШ ҳамда бошқа мамлакатларда амалга оширган йирик саноат лойиҳалари тажрибасини тақдим этиб, замонавий муҳандислик ечимлари ва инновацион технологияларни жорий этиш бўйича ўз таклифларини билдирди. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ва ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди. Вазирлик мамлакатимизда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда компания билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёр, – деди Т.Баҳранов.
Учрашув якунида “RS Capital Engineering” компанияси раҳбарияти жорий йил кузида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форуми ҳамда “Water Tech Expo 2026” халқаро кўргазмасида иштирок этишга таклиф этилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА