Боксчи қизларимиз U19 ёш тоифасида Осиё чемпиони бўлди
Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бокс бўйича U19 ва U23 ёш тоифасида ўтаётган чемпионатнинг U19 ёш тоифасидаги қизлар беллашувлари мамлакатимиз вакиллари учун ҳар жиҳатдан омадли кечди.
Шиддатли кечган жанглар сарҳисобига кўра, 10 та вазн тоифасининг 8 тасида рингга кўтарилган терма жамоамиз аъзолари 4 та олтин, 2 та кумуш медалга эгалик қилган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Боксчи қизларимиздан Сабрина Чакоманова, Севара Маматова, Рушанабону Исоева, Самира Турғунова олтин, Назокат Мардонова ва Мафтуна Янгиева кумуш медалга эгалик қилди.
Айни пайтда U23 ёш тоифасидаги боксчи қизларимиздан Гулсевар Ғаниева, Хуморабону Мамажонова, Муштарийбону Иброҳимжонова, Севинч Хуррамова, Райҳона Қурбонбоева, Рухшона Парпиева, Собирахон Шаҳобиддинова қитъа биринчилигининг финал жангларида иштирок этмоқда.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА