Боғи Бобурда бўлганмисиз?
Халқаро туркий маданият ташкилоти – TURKSOY Доимий кенгашининг 2025 йилда Қозоғистоннинг Актау шаҳрида бўлиб ўтган 42-йиғилишида Андижон шаҳри 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилинган эди.
Андижон ҳақиқатдан ҳам туркий дунёнинг қадим тарихий масканларидан бири сифатида ана шу мақомга муносиб заминдир. Қолаверса, Андижон Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юртнинг ўзига хос, такрорланмас гўзал ва оҳанрабо вилоятларидан бири саналади.
Андижоннинг туркий дунёнинг маданият пойтахти мақомига сазовор бўлишида ҳудуддаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, маданий мерос объектлари, гўзал ва сўлим масканлар муҳим роль ўйнайди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий истироҳат боғи ҳам ана шундай масканлардан биридир.
Халқ орасида “Боғи Бобур”, “Боғишамол дам олиш маскани” деб аталадиган Бобур номидаги миллий истироҳат боғи Андижон шаҳрининг жануби-шарқий қисмидаги Боғишамол даҳасида жойлашган. Умумий майдони 357 гектардан иборат масканга 1973 йилда асос солинган.
Ана шу йили вилоят ижроия қўмитаси қарори билан андижонлик меҳнаткашлар учун дам олиш маскани ташкил этиш мақсадида Андижон шаҳрига туташ Хакан адирликларидан 300 гектар ер ажратилиб, “Боғишамол” дам олиш масканини барпо этишга киришилди. Қурилиш, ободонлаштириш ишларига вилоятдаги жуда кўп ташкилотлар, кенг жамоатчилик жалб этилди. Чинор, қайрағоч, арча ва бошқа турли манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ошхона ва чойхоналар қурилди. Бир неча йил ўтиб, Боғишамол халқ дам оладиган сўлим масканга айланди.
[gallery-30970]
1992 йилда улуғ бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллик тантаналари муносабати билан масканга “Бобур” номи берилди.
– Бугунги кунда боғнинг умумий майдони 357 гектарни ташкил этади, – дейди Бобур номли халқаро жамоат фонди раисининг ўринбосари Рустамжон Мамасолиев. – Асосан 40-50 йиллик дарахтлар билан қопланган боғ ҳудудида шарқона услубда қурилган Арк – дарвоза, Бобур Мирзо ҳайкали, шоирнинг рамзий мақбараси, масжид, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи, ўттиздан зиёд замонавий аттракционлар, фавворалар, узунлиги 3,5 километр бўлган осма сим йўл, ресторан, кафе, кўплаб ошхона ва чойхоналар, меҳмонхона, кутубхона мавжуд. Шунингдек, боғда Бобур номли халқаро жамоат фондининг идораси ҳам жойлашган.
“Бобур ва жаҳон маданияти” музейидан Бобур халқаро илмий экспедициянинг сафарлари давомида дунёнинг турли ҳудудларидан олиб келинган темурийлар, бобурийлар сулоласининг тарихига оид ноёб китоблар, қўлёзмалар ҳамда турли экспонатлар жой олган.
Бобур номли халқаро жамоат фонди ЎзФА Астрономия институти билан ҳамкорликда боғнинг энг баланд қисмида “Ёшлар дунёси” деб номланган илмий-маърифий марказ ташкил этган. Марказда ёшларга коинот сирлари ҳақида маълумот берувчи обсерватория барпо этилган.
Бобур миллий боғи халқаро туризм маршрутига киритилган. Боққа, айниқса, баҳор, ёз ойларида узоқ-яқинлардан минглаб сайёҳ, зиёратчи ва дам олувчилар ташриф буюради. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ёз ойларида бу ерга кунига 2-5 минг нафарга яқин юртдошларимиз ҳамда хорижий сайёҳлар ташриф буюради.
Боғда нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ўсадиган турли хил мевали, манзарали дарахтлар, гул ва ўсимликлар парвариш қилинади. Ҳудуднинг катта қисми адирликдан иборат эканлиги боис, 2014 йилда Бобур халқаро жамоат фонди ташаббуси билан “Зайтун ва бошқа субтропик экинлар етиштириш илмий маркази” ташкил қилиниб, сувсизликка чидамли писта, бодом, ёнғоқ кўчатларини етиштириш ҳамда хорижий давлатлардан олиб келинган зайтун дарахти кўчатларини Ўзбекистон иқлимига мослаштириш борасида илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирга қадар 4 минг тупдан зиёд кўчатлар экилиб, пистазор, ёнғоқзор, зайтунзорлар барпо этилди. Шунингдек, кейинги йилларда Андижон давлат университети олимлари билан ҳамкорликда бу ерда заъфарон, коврак каби тиббиётда кенг қўлланиладиган ўсимлик кўчатларини етиштириш ҳам йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, боққа ташриф буюраётган меҳмон ва зиёратчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида дам олиш масканининг энг юқори қисмида жойлашган “Боғи баланд”, “Кема” дам олиш жойлари таъмирланди, осма йўлнинг симлари янгиланди.
Туркий халқлар давлатчилиги, адабиёти, санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган улуғ бобомиз Бобур номи билан аталувчи миллий истироҳат боғи бугунги кунга келиб, Андижоннинг ўзига хос рамзи – ташриф қоғозига айланган. Бобур номли миллий истироҳат боғи нафақат андижонликлар, балки шаҳар меҳмонлари, сайёҳлар кўнгилли ҳордиқ чиқарадиган юртимизнинг энг сўлим ва гавжум масканларидан биридир.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари