Ўзбекистонлик адиб Исмат Кўчиев Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо бўлди
Исмат Кўчиев ўзининг серқирра ижодида фақат мамлакатимизнинг тарихий сиймолари фаолиятини атрофлича ёритиш билан чекланиб қолмаганлиги диққатга сазовордир. Бинобарин, қардош ва қондош Озарбайжон мавзуси адибнинг ижодида алоҳида ўрин тутади. Унинг қаламига мансуб “Ҳайдар Алиевнинг ғалабаси”, “Озарбайжон ғалабаси” асарлари икки мамлакат халқлари ўртасидаги асрий яқин дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланишига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.
Мустақил Озарбайжоннинг илк раҳбарларидан бири Ҳайдар Алиев ўз пайтида Шароф Рашидовнинг яқин дўсти ва ҳаммаслаги бўлгани тарихдан яхши маълум. Бугунги Озарбайжоннинг гуллаб-яшнаши, унинг ҳудудий яхлитлиги таъминланиши учун Ҳайдар Алиев мустаҳкам асос яратган йирик давлат арбоби эди. Ҳайдар Алиев бошлаб берган тарихий ишларни унинг вориси, бугунги кунда мамлакат Президенти Илҳом Алиев оғишмай ҳаётга тадбиқ этмоқда.
Исмат Кўчиевнинг Озарбайжон мавзусига бағишланган асарлари кенг жамоатчилик, жумладан қардош мамлакат ҳукумати томонидан юксак баҳоланди. У мазкур асарлари учун “Озарбайжон дўсти” олтин ордени билан тақдирланди.
Қардош Боку шаҳридан куни кеча яна бир хушхабар келди. Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли шоир ва адиб Исмат Кўчиев Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо сифатида қабул қилиниб, унга тегишли гувоҳнома тақдим қилинди. Исмат Кўчиев эндиликда бир йўла уч давлат – Ўзбекистон, Белоруссия ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси ҳисобланади. Бу Исмат Кўчиевнинг адабий хизматлари ҳатто халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганининг исботи саналади.
Жовли ХУШБОҚОВ,
ЎзА мухбири