БМТТД билан стратегик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии хоним билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўшма лойиҳалар натижалари ва келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Агентлик директори Мансурбек Оллоёров давлат ижтимоий суғуртаси, парвариш хизматлари стандартларини ишлаб чиқиш, Миллий стратегияни тайёрлашга қаратилган CHANGE лойиҳаси ҳамда давлат ташкилотларида гендер тенглигини таъминлашга хизмат қиладиган “Gender Equality Seal” ташаббуси доирасида эришилган натижаларни алоҳида таъкидлади.

БМТТД вакиллари Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини модернизация қилиш, уни рақамлаштириш ва халқаро тажрибаларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, бу йўналишдаги қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилишини билдирди.
Музокаралар давомида томонлар ҳамкорликнинг бир қатор устувор йўналишларини белгилаб олди. Хусусан, давлат сиёсатини шакллантиришда сунъий интеллект ва микросимуляция моделларидан фойдаланиш ҳамда уларни Ижтимоий реестр ва case management тизимига интеграция қилиш, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун узоқ муддатли парвариш тизимини ривожлантириш, инклюзив таълим ва бандлик имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, давлат ижтимоий суғуртасини такомиллаштириш, актуар тадқиқотларни йўлга қўйиш ва Агентликнинг таҳлилий салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Агентлик директори БМТТД делегациясини жорий йилнинг 21–22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган «Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли ривожланиш йўли» мавзусидаги Жаҳон саммитида фаол иштирок этишга таклиф қилди.
Мулоқотда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, рақамли трансформация, аналитик ечимлар, парвариш тизими, гендер тенглиги, инклюзия ва давлат ижтимоий суғуртаси йўналишларида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА