Қашқадарёда яна тўртта маҳаллада инфратузилма лойиҳалари амалга оширилади
Қашқадарё вилояти Косон туманидаги яна тўртта маҳаллада аҳолининг устувор эҳтиёжларига йўналтирилган инфратузилма лойиҳалари амалга оширилади.
Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 28 мартдаги “Ислом тараққиёт банки иштирокида “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (2-босқич) лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Маълум қилинишича, лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш жараёнида маблағларнинг тежалиши ҳисобидан қамровни кенгайтириш имконияти яратилган. Натижада Косон туманидаги яна тўртта маҳалла лойиҳа таркибига киритилиб, ушбу ҳудудларда аҳоли учун муҳим бўлган инфратузилма объектларини барпо этиш режалаштирилган.
Навбатдаги босқичда маҳалла аҳолиси томонидан илгари сурилган таклифлар техник жиҳатдан ўрганилди. Шундан сўнг вилоят ва туман даражасидаги мутасадди ташкилотлар ҳамда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) лойиҳа жамоаси иштирокида техник муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда таклиф этилган сублойиҳалар тегишли ташкилотларнинг маълумотлар базалари билан таққосланиб, уларнинг бошқа давлат ва ҳудудий дастурлар билан такрорланмаслиги, амалдаги меъёрий талаблар ҳамда техник ечимларга мувофиқлиги атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида сублойиҳаларни амалга ошириш босқичлари, кутилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилиб, кейинги ишлар бўйича келишувларга эришилди.
Муҳокамаларда Косон тумани ҳокимлиги, вилоят ва туман мутасадди ташкилотлари, лойиҳа доирасига киритилган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) лойиҳаси мутахассислари ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди.
Таъкидланганидек, “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси қишлоқ ҳудудларида замонавий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг устувор эҳтиёжларига асосланган барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири