Бизнесни рўйхатга олиш: маълумотлар сифати қандай таъминланади?
Мамлакатимизда бизнесни рўйхатга олиш жараёнида маълумотларнинг тўлиқлиги, аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш учун замонавий назорат механизмлари қўлланилмоқда.
Мазкур жараёнда дастлаб тўлдирилаётган саволномалар ахборот тизимида мантиқий назоратдан ўтказилади. Бунда ўзаро мос келмайдиган, тўлиқ киритилмаган ёки эҳтимолий хатолар мавжуд маълумотлар автоматик равишда аниқланади.
Шу билан бирга, саволнома одатдагидан тезроқ тўлдирилганда ёки маълумотларда хатоликлар сезилганда, тизим рўйхатга олувчига тегишли огоҳлантириш юборади ҳамда маълумотларни қайта текшириш талаб этилади.
Шунингдек, географик ахборот тизимлари (GIS) ва геолокация назорати орқали сўров ўтказилган жой ҳамда рўйхатга олувчининг белгиланган ҳудудда фаолият олиб бораётгани қатъий назорат қилинади.
Муҳими, сифат назорати асосий рўйхатга олиш якунланганидан кейин ҳам давом этади. Хусусан, юзма-юз сўров орқали рўйхатга олинган иқтисодий бирликларнинг 5 фоизигача бўлган қисми танланма асосида қайта ўрганилиб, киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги текширилади.
Шу тариқа, бизнесни рўйхатга олишнинг ҳар бир босқичида мантиқий, технологик, геолокацион ва танланма назорат механизмларининг қўлланилиши тақдим этилаётган маълумотларнинг юқори сифатини кафолатлайди.
Халқаро тажриба нима дейди?
Бу борада халқаро тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, масалан, АҚШда ҳар беш йилда иқтисодий рўйхатга олиш – Economic Census ўтказилади. Унда бизнеснинг фаолият тури, жойлашуви, ходимлар сони, меҳнатга ҳақ тўлаш ва тушумларига оид маълумотлар шакллантирилади.
Эътибор берадиган яна бир муҳим жиҳат шундаки, бу маълумотлар фақат давлат идоралари учунгина хизмат қилмайди. АҚШ Рўйхатга олиш бюроси маълумотига кўра, тадбиркорлар улардан бизнесини қаерда жойлаштириш бўйича тўғри қарор қабул қилишда, маҳаллий бошқарув органлари эса ҳудудга янги бизнесларни жалб этишда фойдаланади. Шунингдек, натижалар янги бозор имкониятларини аниқлашга ёрдам беради. Бунда корхоналар тақдим этган индивидуал маълумотлар қатъий махфий сақланиб, фақат статистик мақсадларда ишлатилади.
Айрим тадбиркорлар ўртасида нима сабабдан бизнесни рўйхатга олиш жараёнлари амалга оширилаётганини тўлиқ тушунмаётганлар учраб тургани сабабли халқаро тажрибадан мисоллар келтирмоқдамиз. Зеро, бизнесни рўйхатга олиш корхоналарни санаш билангина чекланмайди. Унинг натижалари келгусида тадбиркорлик қарорлари учун ҳам муҳим ахборот манбаи бўла олади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА