Биз энди бошладик, ҳали яна қайтамиз
“ЖЧ-2026”
Халқлар орасида спорт – тинчлик элчиси, деган гап йиллар, балким асрлар оша янграб келаётган бўлса ажаб эмас. Бунда ҳам асл ҳақиқат бор. Ҳақиқатдан спорт элларни, дилларни бир бирга яқинлаштиради, дўстлаштиради ва миллатларни дунёга танитади. Спортнинг ҳар қандай тури миллатнинг дунёга танилишида етакчи ўринни эгаллайди. Айниқса, миллионлар, кейинги пайтда эса миллиардлар ўйини деб юритилаётган спортнинг футбол тури эса аталишига монанд мавқега эга.
Мана бир неча кунлардан бери дунё аҳлининг нигоҳи футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилаётган Америка қитъасига қаратилган. Айни дамда эса мусобақаларнинг қизиқарли нуқтаси бошланди, десак бўлади.

Энг эътиборли ва биз учун қувонарли ва фахрланадиган томони унда Ўзбекистонимизнинг иштироки тарифга сиғмайдиган эътирофдир. Ҳа йиллар давомидаги армонлар чекинди, орзулар ушалди, биз дунёнинг манаман деган, туғилибоқ тўпни таниган, футболни ўзининг ҳаёт мазмунига айлантирган қитъалар вакиллари билан бир сафда бўлдик. Бу ҳали бошланиши.
Илк учрашув бошланиши олдидан телеэкран қаршисида ўтириб ичимиздан жуда кўп сўз билан ифода эта олмайдиган ҳиссиётлар кечди. Ўз миллатинг байроғи бутун майдон узра тўшалиб, мадҳиянинг жаранглаши бу нақадар ҳаяжонли ва завқли. Бунгача босиб ўтилган машаққатли йўл, асабий ва қувончли кунлар кино тасмасидек кўз олдимиздан ўтди.
Ўзбекистон жамоасининг жаҳон чемпионатида иштирокининг ўзи аслида миллатнинг катта ютуғи. Бизни дунё таниди. Ер шарида Ўзбекистон аталмиш давлат ва миллат борлиги, футболда ҳам тўпни қойилмақом қилиб ўйнай оладиган ўйинчилари борлигини кўрди. Ҳа, мағлубият аламли бўлади. Аммо унинг ортидан зафарли одимлар ҳам бор, албатта. Ўйинларнинг муҳокамалари ҳали узоқ давом этади.

Шу кезда бундан салкам қирқ саккиз йил илгариги дамларни эсга олгим келди. Мактаб даврида синфлар ўртасида футбол мусобақалари ўтказилиб турар эди. Бизни синф ўқувчилари футбол мусобақаларида доим юқори кўрсаткичга эга бўлган. Ўша пайтда мактаблар ўртасида ҳам мусобақалар ташкил этилар ва бу ўзига хос катта футбол байрамига айланиб кетар эди. Синфимиз мактабда ғолиб бўлди ва мактаблар ўртасидаги мусобақага йўлланма олди. Шунда мактаб директори физкультура бўйича мураббийга мактаб шаънини ҳимоя қилишда синфлар ичидан энг яхши ўйнайдиган болаларни саралаб олишни маслаҳат берди. Шунда биз қаршилик кўрсатдик. “Ўзимиз ғолиб бўлдикми, ўзимиз иштирок этамиз” деб қатъий туриб олдик. Хуллас, мактаб маъмурияти рози бўлди ва биз мусобақага тайёргарлик кўрдик.
Интизорлик билан кутган кун келди. Устоз мураббий билан мусобақа ўтказиладиган Зангиота туманидаги 33-сонли мактабга бордик. Мактаб стадиони бизга жуда салобатли кўринди. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Стадион айланасида томошабинлар ўтириши учун ўриндиқлар, жамоаларнинг номи ва ҳисоблар акс этадиган табло, турли рангдаги байроқлар, хуллас, ҳаммаси рисоладагидек. Келишув бўйича ўттиз дақиқадан икки бўлимда куч синалиши белгиланган экан. Биз учта ўйин ўтказдик. Натижа биринчи ўйинда 10:1, иккинчи ўйинда 7:0 ва учинчи ўйинда 6:2. Биз мағлуб бўлдик. Ҳозирги пайтгача бу рақамлар синфдошларнинг бирортаси ёдида қолганми, йўқми, аммо менинг кечагидек ёдимда.
Мусобақа якунига етди. Устоз билан уйга қайтяпмизу ҳаммада бир хил жимлик ва ҳаммада аламли нигоҳ. Шунда устозимиз Каримжон аканинг айтган гаплари ҳамон ёдимда:
Тушкунликка тушманглар. Дунё катта бир саҳна. Бу саҳнага ҳар ким ўз қараши, ўз иқтидори, ўз борлиғи билан қадам босади. Бунда ютуқ ҳам бўлади, мағлубият ҳам бўлади. Фақат сиз ундан ўзингиз учун хулоса чиқаришингиз лозим. Яна билинг-ки, ҳар бир мағлубиятингиздан куюнадиган ва ҳар бир ютуғингиздан фахрланадиган ота-онангиз, яқинларингиз ва юртингиз бор”. Нақадар топиб айтилган гаплар. Устозлар шу жиҳатдан ҳам устозда.

Ҳа, биз жаҳон чемпионатида мағлуб бўлдик ва бу аламли.Муҳокамалар, баҳслар ўз йўлига. Нима бўлганда ҳам биз кутгандик, ўша пайт келди. Биз билгандик, ўша дамлар бўлиб ўтди. Ҳаммаси ортда қолди. Футбол шарҳловчилари Хайрулла Ҳамидов ва Даврон Файзиев Америка қитъасидан ўйинни бевосита гувоҳи бўлиб шарҳлашди. Улардаги ҳаяжон ва афсус чекишлар сезилиб турди. Аслида ҳам шундай бўлди. Ўзбекистон аҳлига мадад бўлган бошқа кўплаб давлат вакиллари ҳам ўз эҳтиросларини яширмаганлари ҳам бор гап.
Оддий бир футбол ишқибози сифатида айтадиган гапим шу: ўзбек футболи учун жаҳонга йўл очилди. Эндигина қадам ташлаётган гўдакдан югуришни ҳеч бир ота-она талаб қилмайди. Уни эҳтиётлайди, қўлидан тутади. Ўзбек футболи ҳам ҳозир шу ҳолда. Ундан кўп нарса талаб қилиб бўлмайди. Уни қўллаш керак, ишонч билдириш керак. Йигитларнинг мардонавор ўйинига тасанно айтиш керак.
Мундиал ўзбек футболи учун тугамади, аслида энди бошланди. Миллиардлар ўйини деб ном олган мусобақаларга ўзбек футболи кириб келди. Қадаминг қутлуғ бўлсин. Ғалабалар ҳали олдинда. Йигитлар барчаси – жасорат учун, матонат учун сизга катта раҳмат. Қаддингизни баланд тутинг, сизнинг ортингизда ўзбек миллати, ўзбек онаси, дуога қўл очган заҳматкаш халқ турибди.

Асрор Сулаймонов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎзА