"Биродар шаҳарлар – 2026" халқаро тадбири олдидан матбуот анжумани ўтказилди
Миллатлараро муносабатлар қўмитасида Биродар шаҳарлар альянси ташаббусига кўра ташкилотнинг бир йиллик фаолияти ҳамда 5 май куни ўтказилиши режалаштирилган “Биродар шаҳарлар – 2026” биринчи халқаро илмий-амалий анжумани юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуман икки асосий мақсадга қаратилди. Биринчидан, жамоатчилик Биродар шаҳарлар альянсининг бир йиллик фаолияти, эришилган натижалар ва истиқболдаги режалар билан таништирилди. Иккинчидан, 5 май куни бўлиб ўтадиган “Биродар шаҳарлар – 2026” биринчи халқаро илмий-амалий анжумани мазмун-моҳияти, дастури ва иштирокчилари ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда мутахассислар томонидан йил давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
[gallery-29186]
—Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 80 дан ортиқ шаҳар ва ҳудудлари билан биродар шаҳар мақомида ҳамкорлик қилиб келмоқда, — дейди Биродар шаҳарлар альянси раиси Зокир Абидов. — Ушбу алоқалар маданият, таълим, иқтисодиёт, экология, туризм ва халқ дипломатиясини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Мазкур ҳамкорликни янада тизимли ва самарали ривожлантириш мақсадида 2025 йил 7 май куни Ўзбекистонда Биродар шаҳарлар альянси ташкил этилди. Альянс Ўзбекистон ва хорижий давлатлар шаҳар ва ҳудудлари ўртасида дўстона алоқаларни халқ дипломатияси асосида мустаҳкамлаш, шунингдек, маданият, таълим, иқтисодиёт, туризм, экология ва инновациялар соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Шунингдек, “Биродар шаҳарлар – 2026” биринчи халқаро илмий-амалий анжумани Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги очиқлик сиёсати, ҳудудлараро дипломатия ва халқ дипломатиясини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларининг яна бир муҳим амалий ифодаси бўлиши таъкидланди.
Н.Раҳмонова,
М.Икромова,
О.Пардаев (сурат),
ЎзА