“Йилнинг энг яхши тарбиячиси”: 1 минг 664 нафар иштирокчи тест синовларида
Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда энг илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда ўтказилаётган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танлови соҳадаги етук кадрларни аниқлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни дамда юртимиз бўйлаб мазкур танловнинг иккинчи — вилоят босқичи доирасида тест синовлари бўлиб ўтмоқда. Унда туман (шаҳар) босқичида ғолибликни қўлга киритган 1 минг 664 нафар директор ўринбосарлари ва тарбиячилар иштирок этмоқда.

Танлов жараёнлари иштирокчиларнинг касбий билим ва малакасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг педагогик салоҳиятини адолатли ва шаффоф мезонлар асосида баҳолашга қаратилган. Тест синовлари орқали энг муносиб номзодлар кейинги босқичга йўлланма олиш имкониятига эга бўлади.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, мазкур жараёнлар жорий йил 8 майга қадар давом этиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА