“Биринчи қўнғироқ” — янги марралар сари илк қадам
2026–2027-ўқув йилининг бошланиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан оталиққа олинган Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактабида “Биринчи қўнғироқ” тадбири кўтаринки руҳда ўтказилди.
Унда божхона бошқармаси раҳбарияти, мактаб жамоаси, маҳалла фаоллари ва ота-оналар ўқувчиларни янги ўқув йили билан муборакбод этишди.

Бошқарма бошлиғи сўзга чиқиб, янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан ўқувчиларни самимий муборакбод этиб, таълим — инсон камолоти ва жамият тараққиётининг энг муҳим пойдевори эканини алоҳида таъкидладилар. Ёш авлодга пухта билим олиш, устозлар ўгитига амал қилиш, Ватанга муносиб фарзанд бўлиб вояга етиш ҳамда келажакдаги эзгу мақсадлари сари дадил интилишлари тилаклари билдирилди. Шу билан бирга, “Ёш божхоначи” тўгарагида фаол қатнашган ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган 5 нафар ўқувчига “Ёш божхоначи” рамзий нишони тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, янги ўқув йилида биринчи синфга қадам қўйган ўқувчиларга Президентимиз томонидан тақдим этилган байрам совғалари тантанали равишда топширилди. Бундай эътибор ва рағбат ёш авлодни билим олишга, изланишга ва янги марраларни забт этишга ундаб, уларда Ватанга хизмат қилиш, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиш туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири