Бир гуруҳ маҳкумлар муддатидан олдин шартли озод этилди
Ўринсиз жаҳл кўпинча ташвиш ва кўнгилсиз оқибатларга сабаб бўлади. Ҳиссиётни жиловлай олмаслик эса инсонни кутилмаган муаммолар қаршисига олиб келиши мумкин. Суд залида турган фуқаронинг тақдири ҳам айнан шунинг тасдиғидир. У жаҳл устида қўшни аёлга қўл кўтариб, ўзини айбдорлар қаторида топди.
Мазкур можаро эркакнинг жиноий жавобгарликка тортилиши билан якунланди. Суд томонидан тайинланган жазо эса пробация назорати остида ўталиши белгиланди.

Пробация хизмати озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахслар томонидан суд қарорларининг ижросини таъминлайди. Шу билан бирга, уларнинг жамиятга мослашуви, таълим олиши, меҳнат фаолияти билан шуғулланишига кўмаклашади, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатади. Жазо муддатини намунавий тарзда ўтаётган фуқароларнинг муддатидан илгари озод этилиши учун ҳам қонуний имкониятлар яратилади.

Жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида туман ИИБ пробация назоратида жазо ўтаб келаётган бир гуруҳ маҳкумларни муддатидан аввал озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалар муҳокамаси жараёнида ҳам ушбу мезонлар алоҳида эътиборга олинди.


Китоб тумани ИИБ пробация хизмати катта инспектори Бахтиёр Шарипов таъкидлашича, бугун туманда 105 нафар шахс назоратда жазо ўтаб келмоқда. Хулоса қилиб айтганда пробация назоратидаги шахсларга жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш фақатгина ички ишлар органлари ходимларининг вазифаси эмас. Уларни кенг жамоатчилик, айниқса, яқин қариндошлари ҳам қўллаб-қувватлаши лозим. Зеро, ўз вақтида берилган фойдали маслаҳат, панду насиҳат ҳар қандай кишининг ҳаётга нотўғри қарашини ижобий томонга ўзгартириши мумкин.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири