Бир гуруҳ когонлик нуронийлар Қоровулбозор туманига ташриф буюришди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги мамлакатимиз ҳаётидаги улкан тарихий сана сифатида кенг нишонланмоқда. Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида мустақилликнинг мазмун-моҳиятини теран англаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва дахлдорлик туйғуларини юксалтиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар изчил давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш, маҳалла муҳитини янада мустаҳкамлаш, катта авлод ва ёшлар ўртасидаги ворисийлик ришталарини кучайтиришга қаратилган эзгу ғоялар Бухоро вилоятида ҳам амалий мазмун касб этмоқда.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” ғояси остида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Бухоро вилояти Когон шаҳрининг бир гуруҳ нуронийлари чўлқуварлар юрти — Қоровулбозор туманига ташриф буюришди. Ташрифнинг дастлабки манзили — “Бўзачи” маҳалласида фаолият юритаётган “Бухоро агрокластер чорва” МЧЖ бўлди. Нуронийлар корхонада яратилган шароит, ишлаб чиқариш жараёнлари, чорвачилик йўналишида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишишди.
Бу ердаги жараёнлар мисолида юртимизда қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.

Нуронийлар учун бу ташриф нафақат янги корхона фаолияти билан танишув, балки кечаги меҳнат тажрибаси билан бугунги замонавий ёндашувларни қиёслаш, тараққиётнинг мазмун-моҳиятини ҳис этиш имкони ҳам бўлди.
Ташрифнинг навбатдаги манзили “Навбаҳор” маҳалласида ташкил этилган “Беш ташаббус маркази” бўлди. Нуронийлар марказда ёшлар учун йўлга қўйилган тўгараклар, қизиқиш ва қобилиятларни ривожлантиришга қаратилган машғулотлар, хотин-қизлар учун ташкил этилган психологик маслаҳат хонаси фаолияти билан танишишди. Шунингдек, марказда кураш, шахмат ва шашка каби спорт ва интеллектуал машғулотлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Эътиборлиси, бу ердаги учрашувлар оддий танишув билан чекланиб қолмади. Нуронийлар ёшлар билан самимий мулоқот давомида уларнинг орзу-интилишлари, қизиқишлари ва келажак режалари билан ҳам қизиқишди.
Кекса авлод вакиллари ўз ҳаёт йўлларида орттирган тажрибалари, меҳнат ва изланишлари, турли синовлардан чиқарган сабоқлари ҳақида сўзлаб бердилар. Ёшлар эса ўзларини қизиқтираётган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Зеро, авлодлар мулоқоти — ўтмишни эслашгина эмас. У ҳаётий тажрибани ёшларга етказиш, уларни эзгу мақсадларга руҳлантириш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашнинг энг таъсирчан воситаларидан биридир.

Кун давомидаги тадбирларнинг навбатдаги манзили “Фарҳод” тантаналар мажмуаси бўлди. Бу ерда нуронийлар иштирокида бир пиёла чой устида самимий маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида кекса авлод вакиллари ўзлари яшаган ва меҳнат қилган давр, ўша йиллардаги ҳаёт шароити, имконият ва машаққатлар ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашишди. Бугунги тинч ва осуда ҳаёт, фаровон турмуш, замонавий таълим муассасалари, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш учун яратилаётган кенг имкониятлар ўз-ўзидан пайдо бўлмагани таъкидланди. Айниқса, ёшларга қарата айтилган фикрлар мазмунли бўлди: имкониятнинг қадри ундан оқилона фойдаланганда билинади. Бугун ёш авлод учун яратилган шарт-шароитлардан самарали фойдаланиш, билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, ҳалол меҳнат қилиш ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир инсоннинг эзгу мақсадига айланиши лозим.
Суҳбатларда юрт тинчлиги, оила тотувлиги, маҳалла ҳамжиҳатлиги ва жамият барқарорлигини асрашда катта авлоднинг ҳаётий тажрибаси билан ёшларнинг шижоати ва фаоллигини бирлаштириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбирлар давомида турли ташаббусларда фаол иштирок этиб, жамоат ҳаётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ Когон шаҳри нуронийларига Қоровулбозор тумани ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди. Бу эътироф ортида, аввало, катта авлодга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром мужассам.
Тадбирнинг бадиий қисмида туман маданият бўлими ижодий жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса даврага янада кўтаринки руҳ бағишлади. Мусиқа, самимий суҳбат ва дилдан айтилган эзгу тилаклар уйғунлашган учрашув барча иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири