“Белагро-2026”: Ўзбекистон миллий стенди хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотмоқда
Шу кунларда Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳрида “Белагро-2026” халқаро кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Узагростар холдинг” компанияси миллий экспозиция билан қатнашяпти. Кўргазма доирасида ташкил этилган Ўзбекистон миллий стендида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотларининг кенг турлари намойиш этилмоқда. Экспозиция ташриф буюрувчиларга мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати, уларнинг экспорт салоҳияти ҳамда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш имконини бермоқда.

Хусусан, Ўзбекистон миллий стенди кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлари орасида катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, кўргазманинг расмий очилиш маросимида Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко ҳамда Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири ўринбосари Андрей Яковчиц Ўзбекистон стендига ташриф буюриб, унда намойиш этилган маҳсулотлар ва тақдим этилган экспорт имкониятлари билан яқиндан танишди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур тадбир мамлакатимиз агросаноат мажмуасининг экспорт имкониятларини намойиш этиш, хорижий ҳамкорлар билан янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда ташқи бозорларда миллий маҳсулотлар нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, тадбир давомида Беларуснинг йирик савдо тармоқлари ва ритейл компаниялари вакиллари билан қатор B2B учрашувлар ташкил этиляпти. Музокараларда Ўзбекистон маҳсулотларини Беларусь бозорига кенгроқ етказиб бериш, савдо ҳажмини ошириш ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Белагро-2026” халқаро кўргазма-ярмаркаси 6 июнь куни ўз ишини якунлайди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА