Жаҳон банки ва Ўзбекистон урбанизация бўйича ҳамкорликни кучайтирмоқда
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ҳамда Жаҳон банкининг шаҳарсозлик масалалари бўйича директори Мин Жанг ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида мамлакатда урбанизация жараёнларини самарали бошқариш, уй-жой сиёсати ва ҳудудларни барқарор ривожлантиришга оид долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Миллий фазовий концепциясини ишлаб чиқиш, ҳудудий режалаштириш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда аҳолининг сифатли ва ҳамёнбоп уй-жойдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Миллий уй-жой стратегиясини тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мавжуд шаҳар ҳудудларини реновация қилиш, муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, замонавий фазовий маълумотлар инфратузилмасини яратиш бўйича фикр алмашилди. Томонлар мазкур йўналишларда халқаро тажрибани жорий этиш ва инновацион ёндашувлардан кенг фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.

Музокаралар чоғида Жаҳон банки мутахассисларининг урбанизация, шаҳар инфратузилмаси ва ҳудудий ривожланиш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга экспертлик ва маслаҳат кўмагини кўрсатиши билан боғлиқ истиқболли лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, мамлакат шаҳарлари ва аҳоли пунктларини барқарор ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш юзасидан келишувга эришди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА