Байрам кунлари юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш янада арзонлашди
Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан юртимиз аҳолиси учун нафақат байрамона кайфият, балки мазмунли ҳордиқ чиқариш имкониятлари ҳам яратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, фуқаролар кетма-кет 5 кун дам олиш имкониятига эга бўлади.
Шу муносабат билан Туризм қўмитаси томонидан 2026 йилнинг 27–31 май кунлари республика бўйлаб ички туризмни рағбатлантиришга қаратилган махсус чегирмалар жорий этилди. Ушбу ташаббус аҳолининг дам олиш вақтларини мазмунли ташкил этиш, юртдошларимизни мамлакатимиздаги тарихий ва зиёрат масканларига кенгроқ жалб қилишга хизмат қилади.
Маълум қилинишича, республика ҳудудларида фаолият юритаётган меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари томонидан хизматлар учун 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар тақдим этилмоқда. Бу эса оилаларга байрам кунларида саёҳат қилишни янада қулай ва манфаатли қилади.
Шунингдек, Маданий мерос агентлиги тизимидаги давлат музейлари ҳамда маданий мерос объектларига кириш чипталари учун 10 фоизгача чегирмалар эълон қилинди. Бу эса юртдошларимизга тарихий обидалар ва миллий меросимиз билан яқиндан танишиш имконини беради.
Айниқса, зиёрат туризми йўналишида ҳам аҳоли учун енгилликлар яратилмоқда. Қурбон ҳайити кунларида ногиронлиги бўлган шахслар, кекса фуқаролар ва ёш болалар учун бир қатор пуллик зиёратгоҳларга кириш бепул этиб белгилангани эътиборга молик.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА