Байрам катта хурсандчилик билан нишонланди
Ховос туманида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири кўтаринки руҳда, катта шодиёна билан ўтказилди. Улуғ айёмга бағишланган тантанада юртдошларимизга хос бўлган бирдамлик, шукроналик ва Ватанга садоқат туйғулари яна бир бор намоён бўлди.
Туманда асосий байрам тадбири 1-сонли спорт мактаби ўйингоҳида ташкил этилди. Мазкур шодиёнада 9 минг 212 нафар фуқаро иштирок этди.
Тадбир аввалида Ховос тумани ҳокими Қомус Йўлдошев йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
Табрик сўзида мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилаётган улкан ютуқлар, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган эзгу ишлар хусусида сўз юритилди. Айниқса, кейинги йилларда Ховос туманида саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Байрам тантанасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Майдонга йиғилганлар унга жўр бўлишди.
Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган тадбирнинг бадиий қисми театр жамоаларининг саҳна кўринишлари билан бошланди. Ватан, истиқлол, тинчлик ва юртга садоқат ғоялари тараннум этилган чиқишлар томошабинларга манзур бўлди.
Байрам дастурининг мусиқий қисмида эстрадамизнинг таниқли хонандалари ва истеъдодли ёш ижодкорлар иштирок этишди. Сардор Мамадалиев, Севинч Исмоилова ва Дилшод Раҳмонов ижросидаги дилбар қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлаб, шодиёнанинг файзини янада оширди.
Тантанада Ховос туманида кейинги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, маҳаллаларда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш ва фуқаролар учун муносиб шароитлар яратиш борасидаги ишлар ҳам алоҳида эътироф этилди.
Муҳими, байрам тадбирида туман ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошлар ҳам иштирок этишди. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Дўстлик» ордени билан тақдирланган Ховос туманидаги «Етти гузар» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар бўйича маслаҳатчиси Боймурод Азимов ҳам бор.
[gallery-31103]
— Мустақиллик байрами ҳар бир юртдошимиз қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотадиган, босиб ўтган йўлимиз ва эришган ютуқларимизни сарҳисоб қилишга ундайдиган улуғ айёмдир. Бугун Ховосда ўтказилаётган тантанада ҳам халқимизнинг кўтаринки кайфияти, бирдамлиги ва шукроналиги яққол намоён бўлмоқда. Кейинги йилларда туманимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, маҳаллаларни ободонлаштириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, инсонлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг замирида, аввало, инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини таъминлашдек эзгу мақсад ётибди. Мазкур юксак мукофот мен учун катта шараф. Уни шахсий меҳнатимга берилган баҳо сифатидагина эмас, балки маҳаллада фаолият юритаётган нуронийлар, фахрийлар ва жамоатчилик вакилларининг меҳнатига кўрсатилган юксак эътибор сифатида қабул қиламан. Бу мукофот бизни бундан буён ҳам маҳаллада тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, нуронийларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни эзгу мақсадлар сари йўналтириш ва юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлида янада фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди, — деди Боймурод Азимов.
Дарҳақиқат, бугунги байрам шодиёнасида халқимизнинг мустақилликка бўлган юксак эҳтироми, тинч ва осуда ҳаётга шукроналиги яққол акс этди. Зеро, юртдаги ободлик, маҳаллалардаги янгиланишлар, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ҳар бир эзгу ташаббус мустақилликнинг амалий самараларини намоён этмоқда.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА