Бахтиёр Мустафаев Ўзбекистон ва Хитой етакчи таҳлилий марказлари форумида нутқ сўзлади
Жорий йил 6-7 июнь кунлари Шанхай шаҳрида "Ўзбекистон-Хитой муносабатларида янги босқич: умумий қараш ва умумий келажак" мавзусида етакчи таҳлилий марказларнинг "10+10" форуми бўлиб ўтди. Тадбир Шанхай хорижий тиллар университети қошидаги Шанхай глобал бошқарув ва халқаро минтақашунослик академияси ҳамда Ўзбекистоннинг "Тараққиёт стратегияси" маркази томонидан ташкил этилди.
Хитой томонидан мамлакатнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, жумладан, Пекин университети, Шанхай ижтимоий фанлар академияси, Шанхай халқаро тадқиқотлар институти, Фудан университети ва Хитой xалқаро тадқиқотлар институти экспертлари иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси таркибидан Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Марказий Осиё халқаро институти, Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ташқи сиёсий тадқиқотлар маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вакиллари ўрин олди.

Евроосиё минтақасида хавфсизлик масалаларига бағишланган сессияда СМТИ директори ўринбосари Бахтиёр Мустафаев сўзга чиқди. Эксперт ўз маърузасида замонавий террористик ва экстремистик таҳдидларнинг ўзгаришидаги асосий тенденцияларга эътибор қаратди.
Сўнгги йилларда ёшларнинг рақамли муҳитда радикаллашув жараёнлари кучайгани, шунингдек, экстремистик тарғибот ва дезинформацияни тарқатиш мақсадида янги технологиялар, жумладан, сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш кўлами кенгайгани қайд этилди.
Институт директори ўринбосарининг сўзларига кўра, бу тенденциялар замонавий таҳдидларнинг трансмиллий хусусияти ортиб бораётгани ва мавжуд қарши курашиш механизмларини янги воқеликларга мослаштириш зарурлигидан далолат беради.
Шу нуқтаи назардан, Бахтиёр Мустафаев Ўзбекистоннинг экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олиш бўйича ёндашувларини тақдим этди. Мамлакатимизда бузғунчи мафкуралар тарқалишининг нафақат оқибатларини, балки сабабларини ҳам бартараф этишга қаратилган комплекс сиёсат изчил амалга оширилаётгани таъкидланди.

Таълим тизимини ривожлантириш, ёшларнинг медиа саводхонлигини юксалтириш, танқидий фикрлаш ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, шунингдек, жамиятнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини тушунтириш ва диний қадриятларни нотўғри талқин қилишга қарши қаратилган диний-маърифий муассасалар муҳим роль ўйнайди.
Қуролли можаролар ҳудудларидан қайтган ва радикал ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий мослаштириш ҳамда жамиятга реинтеграция қилиш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси алоҳида қайд этилди. Таъкидланишича, комплекс профилактик чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга ва экстремистик мафкурага нисбатан мустаҳкам иммунитетни шакллантиришга хизмат қилади.
СМТИ вакилининг фикрича, замонавий таҳдидларга қарши самарали курашиш халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва фаол экспертлар мулоқотини талаб этади. Шу муносабат билан хавфсизлик соҳасида Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, таҳлилий хулосалар алмашиш ҳамда радикаллашув ва экстремизмнинг олдини олиш бўйича қўшма ёндашувларни ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва Хитойнинг барқарорликни таъминлаш, суверенитет тамойилларини ҳурмат қилиш ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш масалалари бўйича позицияларининг яқинлиги Евроосиё макониди тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиши таъкидланди.
ЎзА