Бахмалнинг яшил бойлиги
Жиззах вилояти Бахмал тумани хушманзара табиати, сўлим тоғ гўшалари ва яшилликка бурканган адирлари билан ажралиб туради. Бу табиий бойликларни асраб-авайлаш, ўрмон майдонларини кенгайтириш ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни изчил давом эттиришда Бахмал давлат ўрмон хўжалиги жамоаси ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Бугунги кунда хўжаликнинг умумий ер майдони 67 минг 918 гектарни ташкил этади. Шундан 16 минг 992,1 гектари ўрмон билан қопланган.
Ўрмончилик катта масъулият, сабр-тоқат ва табиатга меҳр талаб этадиган соҳа. Айниқса, тоғли ҳудудларнинг мураккаб иқлим шароитида ниҳолларни парваришлаб, уларни бақувват дарахтларга айлантириш ўрмончилардан юксак маҳорат ва тинимсиз меҳнатни талаб қилади.
— Экологик муҳитни соғломлаштириш ва келажак авлодга яшил макон қолдириш — асосий вазифамиз. Шу боис ҳудуд иқлимига мос, чидамли кўчатларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жорий йилнинг ўзида 84 гектар майдонда дарахт кўчатлари экилиб, янги ўрмонзорлар барпо этилди. Бу рақамлар замирида ўрмончиларимизнинг машаққатли меҳнати мужассам, - дейди Бахмал давлат ўрмон хўжалиги директорининг ўринбосари, бош ўрмон беги Зафар Раҳматуллаев.
Айни пайтда хўжалик питомникларида 15 турдаги 1 миллион 770 минг туп ниҳол ва кўчат парваришланмоқда. Уларнинг 330 минг тупи экиш ва сотиш учун тайёр ҳолатга келтирилган.
— Корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари ҳамда маҳаллалардан келиб тушаётган буюртмалар асосида катальпа, шумтол, япон сафораси, эман, каштан каби манзарали дарахтлар, шунингдек, нинабаргли дарахтларнинг беш турига мансуб кўчатлар етказиб берилмоқда. Мақсадимиз нафақат Бахмал, балки қўшни туманлар ва вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам яшил майдонларни кўпайтиришдир. Бунда кўчатларнинг илдиз тизими бақувват бўлиши ва маҳаллий шароитга мослашувчанлигига алоҳида аҳамият қаратамиз, - дейди Зафар Раҳматуллаев.
Бугунги кунда ўрмон хўжалигида дарахт экиш ва ўрмонзорларни кенгайтириш билан бир қаторда, фаолиятни диверсификация қилиш, қўшимча даромад манбаларини яратиш ҳамда ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бахмал давлат ўрмон хўжалигида бу йўналишларда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хўжаликда чорвачилик ҳам йўлга қўйилган. Айни вақтда бу ерда 27 бош йирик шохли, 187 бош майда шохли мол, 11 бош ишчи от, 200 та парранда ва 60 бош қуён парваришланмоқда. Чорва молларини озуқа билан таъминлаш мақсадида 100 гектар майдонга ғалла экинлари экилган.
Ўрмон фонди ерларидан унумли фойдаланиш мақсадида 271 гектар майдонда олма боғлари, 40 гектар ерда эса ёнғоқзорлар барпо этилган. Шунингдек, тоғ ўсимликларининг шифобахш хусусиятлари ва уларга бўлган талабни инобатга олган ҳолда, 42,5 гектар майдонда доривор ўсимликлар етиштириш йўлга қўйилган.
Хўжалик фаолиятида экотуризмни ривожлантириш ҳам истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу мақсадда 102 гектар майдон ажратилган. Мазкур ҳудудда сайёҳлар учун табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, мусаффо тоғ ҳавосидан баҳраманд бўлиш ва ўрмон ўсимликлари олами билан танишиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда.
[gallery-31958]
Бахмал давлат ўрмон хўжалигида амалга оширилаётган ишлар нафақат ўрмон майдонларини кенгайтириш, табиий бойликларни асраб-авайлаш ва ҳудуд экологик ҳолатини яхшилаш, балки қўшимча иқтисодий имкониятлар яратиш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА