Бахмаллик ёш ихтирочи мутлақ ғолиб
Тошкент шаҳрида “Яшил инновациялар” танловининг республика босқичи доирасида ёшларнинг экологик йўналишдаги инновацион лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Танловнинг якуний босқичига йўл олган 87 та лойиҳа орасидан энг муносиб деб топилган 24 та экологик лойиҳа жами 1 миллиард 140 миллион сўм миқдоридаги грант билан қўллаб-қувватланди.
Ғолиблар сафидан Жиззах вилояти Бахмал туманидаги ёш ихтирочи Содиқжон Абдужабборов ҳам ўрин олди. У 14-18 ёш тоифасида мутлақ ғолиб деб топилиб, ўзининг экологик лойиҳаси билан грант соҳиби бўлди.
Содиқжоннинг ихтироси қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини ошириш, вақт ва ресурсларни тежашга хизмат қиладиган пиёз экишга мўлжалланган махсус трактордир. Ушбу ишланма замонавий агротехнологияларга мослиги ва амалий аҳамияти билан эътиборга тушган.

Ёш ихтирочининг ғояси экологик йўналишдаги инновацияларни қўллаб-қувватлашга қаратилган танлов талабларига ҳамоҳанг. “Яшил инновациялар” танловида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ресурслардан самарали фойдаланиш, энергия тежамкор технологиялар, инновацион экологик қурилмалар ва бошқа замонавий ечимларга алоҳида эътибор қаратилган.
Бахмаллик Содиқжон Абдужабборовнинг республика миқёсидаги ғалабаси ёшларнинг амалий ихтироларини рағбатлантириш ва экологик муаммоларга техник ечим излашга берилаётган эътибор самараларидан биридир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири