Барқарор иқтисодий ўсиш омиллари (+видео)
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Барқарор ривожланиш маркази ҳамкорлигидаги “Мақсад” лойиҳасининг бу галги сонида «Барқарор ривожланиш мақсадлари” ойлиги доирасидаги саъй-ҳаракатлар, натижалар хусусида суҳбатлашдик. Меҳмонимиз – Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) биз учун шунчаки халқаро мажбурият ёки абстракт рақамлар эмас. Ҳар бир мақсад Давлат бюджетининг параметрлари ва ундаги ижтимоий харажатлар билан бевосита боғлиқ. Давлат бюджети харажатларида БРМдаги вазифалар учун, хусусан, БРМнинг устувор йўналишларидан бўлган камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга муайян миқдордаги маблағлар йўналтириляпти.
Бундан ташқари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёрдам кўрсатиш билан бирга аҳоли даромадини ошириш, бандликни таъминлаш, иш ўринларини яратиш бўйича бир қатор чоралар кўрилмоқда.
Барқарор иқтисодий ўсиш — бу янги технологиялар, инновациялар, самарали инфратузилма, инсон капитали ва ресурслар билан чамбарчас боғлиқ. Бугун мамлакатимиз олдида турган асосий вазифалардан бири — иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, шу билан бирга, унинг сифат жиҳатидан янги босқичга чиқишини таъминлашдир. Иқтисодиётда саноатнинг ўрни муҳим. Саноатни модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг муҳим шартидир.
Бугун рақамли технологиялар ва сунъий интеллект саноат корхоналарида меҳнат унумдорлигини ошириш, ресурслар сарфини камайтириш ва бошқарув самарадорлигини юксалтириш имконини беради. Сунъий интеллект ва рақамли технологияларни саноатга жорий этиш эса давр талаби. Шунингдек, саноат корхоналарини энергия тежамкор ва экологик тоза технологияларга ўтишини рағбатлантиришда солиқ, молиявий ва инвестиция механизмларидан фойдаланиш муҳим.
Кадрлар — технологик тараққиётнинг асосий омили. Инновацион саноатда янги технологияларни бошқара оладиган муҳандислар, технологлар, дастурчилар ва бошқа малакали кадрлар тайёрланиши керак.Бу борада “таълим — илм-фан — ишлаб чиқариш” занжирини самарали шакллантириш долзарб.
Барқарор ривожланиш — бу бугунги иқтисодий натижа билан чекланмайди. У келажак авлод учун рақобатбардош иқтисодиёт, замонавий инфратузилма, малакали инсон капитали ва экологик барқарор муҳитни шакллантиришни англатади. Шу нуқтаи назардан, Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасидаги муҳокамалар муаммони қайд этиш билан чекланмасдан, аниқ иқтисодий ечимлар, молиявий механизмлар ва амалий таклифларни ишлаб чиқишга йўналтирилиши мақсадга мувофиқдир.
Эркин Гадоев билан суҳбатимиз давомида шу каби масалаларга эътибор қаратилди. Шунингдек, БРМга эришишда Ўзбекистоннинг натижалари, парламент назорати доирасидаги ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/IGFU2Er_bwE?si=ygTKn-aZVAAVHl1F" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Улуғбек Тўхтаев (видеомонтаж), ЎзА