Китоб ўқиётган ёшлар — келажакни яратаётган авлод
Мулоҳаза
Яқинда қизларим билан пойтахтимиздаги Республика болалар кутубхонасига бордик. Якшанба — дам олиш куни бўлишига қарамай, кутубхона ташқарисидаги жойлар ҳам, ичкаридаги ўриндиқлар ҳам китобхон ёшлар ва болалар билан банд эди.
Бир чеккада туриб ёшларимизни кузатдим: бировлари олдига бир нечта китобларни тўплаб, изланишлар билан овора, бировлари берилиб бадиий китоб ўқияпти, яна кимлардир эса дарсликлар ва ноутбукдан фойдаланиб, дарс қилиш билан машғул. Кутубхона саҳнидаги сокин муҳит, яратилган шароитлар ҳар қандай инсонни китоблар ичига шўнғишга ундайди, китоб мутолаасига чорлайди.
Ён-атрофга ҳам, бир-бировига ҳам эътибор бермасдан, чалғимасдан китобхонликка муккасидан кетган ёшларни кўриб, очиғи, қувондим. Ва “ёшлар китоб ўқимай қўйди”, деган дашномларга, эътирозларга нисбатан ич-ичимдан эътироз пайдо бўлди.
Нега эътироз? Бундоқ ўйлаб қарасак, ҳамма даврларда ҳам зиёли, ўқимишли қатлам, илмга, китобга интилувчан авлод вакиллари ҳам, шу билан бирга, илм-маърифатдан йироқ, оми, умрида қўлига китоб ушламаган инсонлар ҳам бўлган. Қайсидир даврларда эса одамлар атайин маърифатсизлик ботқоғига чўктирилгани, савиясизлик домига тортилгани, ижтимоий-сиёсий онги юксалишига йўл қўйилмаганидан ҳам хабардормиз.
Бугун эса юртимизда ёшларимизнинг билим олиши, китобхонлик маданиятини юксалтириши учун барча имкониятлар муҳайё. Ҳатто китобхонлик ҳаракати давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, энг юқори даражада рағбатлантириш жорий қилинганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Китобхонлиги ортидан ота-онасига машина совға қилаётган, катта миқдордаги пул маблағларини ҳадя этаётган, юксак марраларни забт этаётган ёшлар сафи ортмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати, республика даражасидаги китобхонлик танловидан ташқари турли соҳалар ва ташкилотлар, жамоалар доирасидаги китобхонлик беллашувлари ҳам кўпайиб бормоқда. Шунинг баробарида уларда иштирок этиш истагидаги китобхон ёшлар сони ҳам чексиз.
Китоб дўконлари тармоқларининг сони ҳам, сифати ҳам, хизмат кўрсатиш даражаси ва имкониятлари ҳам кенгайиб бораётгани-да бежиз эмас. Талаб борки, таклифлар салмоғида ҳам ўсиш бор. Аҳамиятлиси, қайси китоб дўконига кирманг, у ерда, албатта, китобга ошно ёшларни учратасиз ва уларнинг қайсидир жаҳон ва ўзбек адабиёти намуналарини сўраб-суриштираётгани, талаб қилаётганига гувоҳ бўласиз.
Ҳозирги ёшлар нафақат муқовали китобларни ўқиш билан банд, балки йўл-йўлакай электрон китобларни ўқишни ҳам одатга айлантиришди. Электрон китобларнинг қулайлиги эса вақт, макон, жой, муҳит танламайди. Бу эса китоб ўқишда имкониятларни кенгайтиради.
Кутубхонадаги ёшларни кузатар эканман, шу каби ўйлар хаёлимни банд этиб, бугунги китобхон ёшлардан мамнунликни, хотиржамликни туйдим. Улар нафақат бадиий китоблар мутолааси билан банд, балки хорижий тилларни ўрганиш, фанлардан миллий ва хорижий сертификатларга эга бўлиш илинжида ҳам тинмай китоб титкилаяпти.

Қизларим ҳам ўз ёшига муносиб китоблардан олиб, кун давомида шу ерда ўтириб ўқишди, дарсларини қилишди. Улар кутубхонадаги бундай атмосферадан завқланиб, шавқланиб қайтишди ўша куни. Ушбу маънавият маскани фарзандларимга ёқиб тушиб, келаси ҳафтада ўртоқларига ҳам тарғиб қилган ҳолда улар билан биргаликда яна боришди.
Бу сафар ҳам кутубхонанинг ўзгача муҳитидан мароқланишгани, бир нечта дарсларини қилишгани, бадиий китобини якунлаб қолганини айтиб келди. “Бу сафар ҳам одам кўп эканми”, дея атайин сўрадим. “Вой, яхшиям вақтли борибмиз, кечроқ борганимизда жой қолмас экан, роса ёшлар кўп эди...”
Қизимнинг бу жавобидан қалбим ҳузур қилди. Унинг китобхон ёшлар атмосферасида мароқ билан китоб ўқигани ҳақида завқланиб гапирганидан ўзим ҳам руҳланиб кетиб, якунига етолмай юрган асаримни ўқишга тушдим.
Бир сўз билан айтганда, бугун китоб ўқиётган ёшлар кам эмас. Илм йўлида ҳаракат қилаётган йигит-қизлар сони ҳам талайгина. Китобхон ёшлар эса келажагимизни яратаётган авлод сифатида Янги Ўзбекистоннинг истиқболи, янги марраларнинг асосчилари бўлажак.
Муҳтарама Комилова, ЎзА