Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олди олинади
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш чораларини кучайтиришга, шунингдек баъзи жиноятлар терговининг сифатини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва болаларни жинсий зўравонликдан ва ахлоққа зид тажовузлардан асрашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, хотин-қизларга ва вояга етмаганларга нисбатан содир этиладиган жинсий эркинликка ҳамда ахлоққа қарши жиноятлар билан боғлиқ ишларни судга қадар юритиш ҳамда бу жиноятларда айбдор деб топилган маҳкумларнинг жазони ўташи билан боғлиқ айрим муаммолар мавжуд.

Қонун юқоридаги каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексида жинсий эркинлик ва ахлоққа қарши айрим жиноятлар, экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳамда одам ўлимига сабаб бўлган меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича дастлабки тергов ишларини ички ишлар органларидан прокуратура органларига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Жиноят-ижроия кодексига киритилаётган ўзгартишларга кўра, жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган айрим шахсларни манзил-колонияларга ўтказишга йўл қўйилмайди.

“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда прокуратура органлари болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилганлиги фактлари тўғрисидаги маълумотларни текшириши, улар юзасидан дастлабки терговни олиб бориши ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг жазони ижро этиши устидан назоратни амалга ошириши, ички ишлар органлари эса болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан тайинланган жазонинг ижро этилишини амалга ошириши белгиланмоқда.
Сенаторлар ушбу қонун хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга нисбатан содир этиладиган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш самарадорлигини оширишга ҳамда бу борадаги оғир жиноятлар бўйича тергов сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.
Мажлис якунида тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА