Аёл – нафосат ва гўзаллик тимсоли
Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Унга Тошкент вилоятида яшаб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида муваффақиятга эришиб келаётган, самарали фаолият юритаётган онахонлар, опа-сингиллар таклиф этилди.
Тадбирда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев аёллар жамиятнинг маънавий устуни, оиланинг мустаҳкам таянчи эканини таъкидлади. Барча опа-сингилларни баҳорнинг энг гўзал айёми билан самимий табриклади.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Тошкент вилояти аҳолисининг 1 миллион 584 мингдан ортиғини, яъни ярмидан кўпроғини хотин-қизлар ташкил этади. Улар таълим, тиббиёт, тадбиркорлик, давлат бошқаруви, илм-фан, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш каби барча соҳаларда фаол иштирок этиб, вилоят тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Тошкент вилояти хотин-қизлари азал-азалдан меҳнатсевар, яратувчан бўлишлари билан бирга, илм, адабиёт, санъат, қўйингки, барча жабҳаларда пешқадам бўлиб келган, – дейди вилоят ҳокими З.Мирзаев. – Яқин ўтмишда яшаб, ўз ҳаёти ва фаолияти билан катта ибрат намуналарини қолдирган Саодат Гулаҳмедова, Анастасия Чудная, Любовь Ли, Зулфия Зокирова, Мунаввар Исоқова, Турсуной Охунова каби меҳнат ва матонат тимсоллари бўлган онахонларимиз номини бутун халқимиз ҳурмат билан хотирлайди. Уларга муносиб ворис бўлиш йўлида заҳмат чекиб меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз сони кўпайиб бораётгани айни ҳақиқатдир.
Статистик маълумотларга кўра, вилоятда 10 минг нафар аёл раҳбарлик лавозимларида, 7,5 мингдан зиёд хотин-қизлар тадбиркорлик соҳасида, 38 мингдан ортиқ аёллар таълим тизимида, 48 минг нафарга яқин хотин-қизлар тиббиёт соҳасида, 22 мингдан зиёд аёллар қишлоқ хўжалигида, 29 мингдан ортиқ хотин-қизлар давлат идораларида самарали фаолият юритмоқда.
Илм-фан соҳасида ҳам хотин-қизларнинг салмоқли иштироки кузатилмоқда. Ҳозирда вилоятда 872 нафар профессор-ўқитувчи хотин-қизлар, жумладан 44 нафар фан доктори, 58 нафар фалсафа доктори, 35 нафар профессор ва 234 нафар доцент фаолият олиб бормоқда.
Сиёсий ҳаётда ҳам аёллар фаоллиги ортиб бормоқда. Айни пайтда вилоят хотин-қизларидан 6 нафар депутат, 1 нафар сенатор ҳамда 160 нафар маҳаллий Кенгаш депутатлари халқ манфаатларини ифода этмоқда.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 248 мингдан ортиқ ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Шу билан бирга, 31 мингдан зиёд аёлларга тадбиркорликни ривожлантириш учун 908 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди, 13 мингдан ортиқ хотин-қизлар касб-ҳунар ва мотивация курсларида ўқитилди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунга қадар вилоятдан 468 нафар аёллар турли давлат мукофотлари билан тақдирланган, яқинда эса яна 4 нафар хотин-қиз мамлакатимизнинг юксак орден ва медалларига, 2 нафар иқтидорли қиз эса Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Шунингдек, байрам доирасида вилоятда истиқомат қилаётган 38 нафар 100 ёшдан ошган онахонларга вилоят ҳокимининг махсус табрикномаси ва совғалари етказилди.
[gallery-28043]
Тантанали маросимга санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги байрам дастури алоҳида файз бағишлади. Маросим иштирокчиларига байрам совғалари тортиқ этилди.
А.Мусаев, А. Алижонов (сурат), ЎзА