Тиббиёт ходимлари ҳомийлардан миннатдор
Мамлакатимизда ахборот- коммуникация технологияларини кенг татбиқ қилишга қаратилган ислоҳотлар жараёнида рақамлаштириш тизими ишга тушиши натижасида соғлиқни сақлаш муассасалари иш фаолияти босқичма-босқич автоматлаштирилмоқда.
Бунда беморларнинг саломатлиги ҳақида турли манбалардан олинадиган маълумотларни ягона электрон тиббий картага бирлаштириш имконини берувчи дастурий ечимлар жорий этилади. Шунингдек, иш ҳажмини оптималлаштириш орқали соғлиқни сақлаш муассасаларининг барча бўғинларида фаолият самарадорлиги оширилади. Бу соҳа ходимлар учун ҳам, аҳоли учун ҳам манфаатли бўлади.

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи аҳолининг 70 фоизи ҳозир электрон рўйхатга олиниб бўлинди ва бу ишлар давом этяпти. Бу борада замонавий компьютер ускуналарига эҳтиёж катта.
Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Шокиржон Юсуповнинг қайд этишича, тумандаги Хўжанд, Кумидон, Узумзор, Катта Қўрғонча, Қодиробод, Яккатом, Кужрон, Мозоркўҳна, Бураматут, Озод ва Паст Найманча маҳаллаларида яшовчи саховатпеша кишилар ҳиммати билан туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 15 та шифокорлик пунктига 578 миллион сўмлик 50 дона компьютер жамланмаси ва тўртта инфокиоск жиҳози топширилди.

Тиббиёт ходимлари халқимиз саломатлиги йўлидаги фаолият маҳаллалар фаоллари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватлаганидан беҳад миннатдор бўлишди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА