Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ахборот ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилмоқда. Бу жараён нафақат чет эл медиа вакиллари нуқтаи назарини, балки ўлкамиз ҳақидаги ҳаққоний ташқи қарашларни ҳам умумлаштиради. Шу тариқа мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, очиқ сиёсати ва ислоҳотлари халқаро ахборот маконида қандай таҳлил қилинаётгани ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Yonhap: Жанубий Корея ва Ўзбекистон савдо, таъминот занжири ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди

“Yonhap” ахборот агентлиги Жанубий Корея ва Ўзбекистоннинг юқори даражадаги иқтисодий масъуллари икки томонлама савдо, таъминот занжири ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси лойиҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилгани ҳақида хабар берди.
Хабарга кўра, Жанубий Корея бош вазири ўринбосари, молия вазири Ку Юн Чхоль ўзбекистонлик ҳамкасби Жамшид Хўжаев билан Сеулда учрашган. Таъкидланишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 971 миллион долларга етган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,4 фоизга ошган.
Ку Юн Чхоль глобал муҳитдаги ноаниқлик ва сунъий интеллект инновациялари таъсирида таъминот занжирининг қайта шаклланаётгани шароитида Ўзбекистон Жанубий Корея учун муҳим стратегик иқтисодий ҳамкор эканини билдирган.
Учрашувда сунъий интеллект маълумот марказлари ва муҳим минераллар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, Жанубий Корея компаниялари иштирокидаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Шунингдек, мулоқотда жорий йил сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган Жанубий Корея – Марказий Осиё саммити олдидан йирик ҳамкорлик лойиҳаларини жадаллаштиришга келишиб олинган.
АзерТАЖ: Ўзбекистон ва Озарбайжон қўшма медиа ва кино лойиҳаларини амалга оширмоқда

Озарбайжоннинг “АзерТАЖ” ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази директори ўринбосари Жаҳонгир Абдураҳмоновнинг интервьюси асосида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида медиа ва кино соҳаларидаги ҳамкорлик ҳақида хабар берди.
Қайд этилишича, Марказ фаолиятининг асосий вазифаси медиа соҳасини тартибга солиш эмас, балки уни рағбатлантириш ва халқаро талабга жавоб берадиган сифатли, холис контент тайёрлаш учун шароит яратишдан иборат.
Марказнинг муҳим йўналишларидан бири давлат органлари матбуот хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш ҳисобланади. Ҳозир Ўзбекистонда ҳудудий тузилмалардан марказий вазирлик ва идораларгача қарийб 800 та матбуот хизмати фаолият юритаётгани қайд этилган.
Ж.Абдураҳмонов ўз интервьюсида ёшларнинг блогерлик ва журналистикага қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлаб, Марказ томонидан замонавий медиа контент тайёрлашни ўргатадиган бепул таълим платформалари яратилаётганини билдирган.
Trend: Озарбайжон журналистлари Ўзбекистоннинг медиа муҳити билан танишди

Озарбайжоннинг “Trend” халқаро ахборот агентлиги мамлакат журналистларининг Ўзбекистонга ташкил этилган пресс-тури доирасида Президент Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш марказига ташрифи ҳақида хабар берди.
Таъкидланишича, пресс-турда Озарбайжоннинг етакчи медиа ташкилотларидан 20 нафар вакил иштирок этган. Журналистлар медиа, ижтимоий тармоқ ва рақамли платформалар учун контент тайёрлаш, медиа соҳасини ривожлантириш, журналистлар малакасини ошириш ҳамда юртимизнинг халқаро имижини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишган.
Шунингдек, 2027 йил 4–5 февраль кунлари пойтахтимиздаги “Uzexpocentre” Миллий кўргазмалар компаниясида 50 дан ортиқ мамлакатдан кино, телевидение, анимация ва рақамли медиа вакилларини бирлаштирадиган биринчи йирик халқаро контент бозори – “Tashkent Content Market 2027” ўтказилиши режалаштирилаётгани хабар қилинган.
Ташриф доирасида икки мамлакат медиа ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма медиа лойиҳаларини амалга ошириш, касбий тажриба алмашиш ва ахборот контенти тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинган.
Синьхуа: Ўзбекистон 2027 йилдан Халқаро электротехника комиссиясининг тўлақонли аъзосига айланади

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги Ўзбекистон 2027 йил 1 январдан Халқаро электротехника комиссияси (МЭК) тўлақонли аъзосига айланиши ҳақида хабар берди.
Агентликнинг ёзишича, Ўзбекистон бундай мақомни қўлга киритган Марказий Осиёдаги ягона давлат бўлади. Тўлақонли аъзолик мамлакатга халқаро стандартларни нафақат қўллаш, балки ташкилот техник қўмиталари орқали уларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнларида бевосита иштирок этиш имконини беради.
Ўлкамизнинг МЭК билан ҳамкорлиги 2015 йилда шериклик дастури доирасида бошланган, 2023 йилда эса мамлакат ассоциацияланган аъзо мақомини олган.
Томонлар мутахассислар тайёрлаш, уларнинг МЭК техник қўмиталарида иштирокини кенгайтириш ва мувофиқликни баҳолаш тизимини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишган. Шунингдек, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, электротехника, энергия самарадорлиги ва “яшил” энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш салоҳияти мавжудлиги қайд этилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА