Атрофимиздаги қанотлилар…
1 апрель – Халқаро қушлар куни
Қушлар она табиатга кўрк бағишласа, инсониятга завқ беради. Бугунги кунда ер юзида яшайдиган қушларнинг 10 694 тури фанга маълум.
1 апрель – Халқаро қушлар куни. Бу сана 1894 йилда илк бор Америка Қўшма Штатларида нишонланган. Кейинчалик бошқа штатларда ва оммавий ахборот воситалари тарғиботи билан Европада ҳам бу кунга алоҳида эътибор қаратила бошланди.
Бугунги кунда юртимиз табиатида қушларнинг 440 дан кўпроқ тури маълум экани қайд этилади.
Яшаш жойига қараб қушларни бир неча йирик экологик гуруҳларга бўлиш мумкин.
Қушлар ҳаётини йил фасллари бўйича ҳаракатланишига қараб, учиб кетувчи, кўчиб юрувчи ва ўтроқ қушларга бўлиш мумкин.
Улар ҳақида қуйидаги фактларни келтириш мумкин:
– Туяқуш тухумини қайнатиб пишириш учун 1,5-2 соат вақт керак бўлар экан.
– Дунёда умуман қанотлари бўлмаган ягона қуш, бу – киви.
– Қушларнинг тана ҳарорати инсонникига нисбатан 7-8 даражага юқори.
– Парвоз пайтида лайлаклар ерга қўнмасдан ухлаб қолишга қодир.
Қушларнинг терлаш хусусияти йўқ. Дунёдаги энг кичик тухум – қўнғир қушники экан.
– Қушларнинг пати ўзининг суякларидан оғирроқ бўлади.
– Парвоз пайтида қушлар юраги дақиқасига 1000 марта, дам олиш пайтида эса 400 марта уриши аниқланган.
– Ҳажми бўйича энг катта қуш 2 метрдан ошади, бу – туяқуш.
– Уча олмайдиганлари сирасига туяқуш, киви, казовар, додос ва пингвинлар киради.
– Дунёда заҳарли қушлар ҳам бўлиб уларнинг 6 та тури маълум.
Вазн жиҳатдан учувчи энг оғир қуш – дудаки.
– Кўзимиз ўрганиб қолган чумчуқ энг «ақлли» қуш ҳисобланар экан, чунки 100 грамм чумчуқ массасига 4,5 грамм мия тўғри келади.
– Парвоз пайтида оёқларини юқорига кўтариб учишни давом эттира оладиган қуш эса кал бургут экан.
Дарҳақиқат, она табиатимизга ўзгача гўзаллик бағишловчи қушларни асраб, уларга зарар етказувчи омилларни бартараф этиш инсониятга боғлиқ эканини унутмайлик.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА